2019 йил 1 январдан бошлаб

* Барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

* Олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари иш ҳақи миқдори 20 фоизга оширилади.

* Жисмоний шахслар учун даромад солиғининг ягона ставкаси жорий этилади ва уларнинг даромадларига 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

* Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

юридик шахслар – 12 фоиз;

тижорат банклари – 20 фоиз;

цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар – 20 фоиз;

полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчи юридик шахслар – 20 фоиз;

мобиль алоқа хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар – 20 фоиз;

дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

* Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинади.

* Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилади.

* Хорижга чиқиш учун талаб этиладиган стикер бекор қилинади ва биометрик паспорт амалиётга киритилади.

* Ялпи тушумдан олинадиган солиқлар бекор қилинади.

* Солиқ тўловчиларга солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилади.

* Барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон дастур жорий этилади.

* Ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари“ тизими жорий этилади.

* Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолият кўрсатишини, шунингдек, уларнинг Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва “Ўзтрансгаз“ акциядорлик компаниясининг шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмлари жорий этилади.

* Меҳнат стажларини ҳисобга олишни қоғоз кўринишида юритиш амалиётидан воз кечилади, электрон тизим жорий этилади.

* Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши “Обод қишлоқ“ дастури билан ўзаро уйғунликда амалга оширилади. Шу пайтга қадар имтиёзли ипотека кредити уч йилдан иборат имтиёзли давр билан ажратилган бўлса, 2019 йил 1 январдан бошлаб унинг имтиёзли даври икки йилдан иборат бўлади.

* Божхона қиймати 10 000 АҚШ долларигача бўлган товарларнинг тегишли божхона режимида расмийлаштирганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида божхона йиғими ундирилади.

* Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар томонидан гербли гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд этилган алифбода тўлдирилади.

* Нотариуслар томонидан битимлар тасдиқлаш “бир дарча“ тамойили бўйича амалга оширилади. Ахборотларни алмашиш учун маълумот базалари ва ахборот тизимлари жорий этилади. Уларнинг барчаси “Нотариус“ автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилинади.

* Ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади.

* Кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш фақат “Давлат белгиси“ давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади.

* Васиятномаларни имзолаш жараёни, шунингдек, “Нотариат тўғрисида“ги қонуннинг 34-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео ёзувда қайд этилади.

* Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат этганларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларнинг паспортидаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади.