2020 йилда республикамизда 8 266 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган
Олий суд 2020 йилда жиноят ишлари бўйича судлар кўриб чиққан ишлар бўйича ахборот берди.
2020 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 38 149 нафар шахсга нисбатан 30 284 та иш кўриб чиқилди.
Жумладан, 781 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 27 999 нафарни ташкил этиб, шундан 7 110 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 19 838 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1 051 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Шунингдек, 3 434 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан, 21 970 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 6 959 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 5 958 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
222 нафар ёшларга, 37 нафар аёлга ва 1 024 нафар шахсга кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 8 266 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 267,1 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 729 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
6 681 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 22,1 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 523 нафар шахсга нисбатан 1 214 та иш кўриб чиқилди. 969 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 385 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.