Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2021 йилдан “Имом Бухорий халқаро стипендияси”га малайзиялик тадқиқотчилар ҳам жалб этилади(ми?)

Бугун Ўзбекистоннинг Куала Лумпурдаги элчихонаси иштирокида Малайзия Исломни англаш институти (IKIM) вакиллари ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари ўртасида онлайн мулоқот ташкил қилинди. Томонлар жорий йилнинг май ойида имзоланган ҳамкорлик тўғрисида меморандум ижросини таъминлаш механизмлари ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилишди.

Пандемия сабабли вақтинча вужудга келган шароитда жорий йилда ўзаро каталоглар ва китоблар алмашиш, алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросига доир онлайн конференциялар ўтказиш, ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш тўғрисида келишувга эришдилар. Яқин кунлар ичида китоблар ва каталогларнинг ўзаро алмашинуви икки томон дипломатик корпуслари орқали амалга оширилади.

Эришилган келишувга кўра, шунингдек, Малайзия Исломни англаш институтининг “Ислом ва замонавий дунё” (TAFHIM) илмий журнали ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг маънавий-маърифий, илмий-адабий нашри “Имом Бухорий сабоқлари” журналида ҳар икки томон тадқиқотчи олимларининг илмий мақолалари эълон қилиниб борилади. Бундан ташқари, Малайзия Исломни англаш институтининг радиоси (Radio IKIM)да алломаларимиз мероси ҳақида икки томон олимлари иштирокида эшиттиришлар ташкил этишга келишиб олинди.

Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан 2021 йилдан эътиборан тақдим этилиши режалаштирилаётган “Имом Бухорий халқаро стипендияси”га малайзиялик тадқиқотчиларни ҳам жалб этиш таклифи билдирилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.