2021 йилнинг қизиқарли археологик топилмалари
Ҳомиладор мумия, Мисрдаги йўқолиб кетган шаҳар, 4000 йиллик тобут – бу олимлар 2021 йилда қилган археологик кашфиётлар таъсирчан рўйхатининг фақат бир қисми. Бугун биз уларнинг энг қизиқарлилари ҳақида маълумот берамиз.
Мисрдаги йўқолиб кетган шаҳар
2021 йилнинг баҳорида археологлар Луксор шаҳри яқинида ёши қарийб 3500 йил бўлган йирик қадимий шаҳар топилгани ҳақида хабар беришди. Мутахассислар деворлари баландлиги 3 метрга етадиган нонвойхона, устахоналар ва қабрлар жойлаштирилган лой ғиштдан қурилган биноларни қазиб очдилар.
Тадқиқотчилар шаҳар фиръавн Аменхотепа-III даврида қурилгани ва фиръавн Тутанхамон ҳукмронлиги бошлангунга қадар 30 йил давомида гуллаб-яшнагани тўғрисида фараз қилмоқда.
Бир неча ўн йиллар давомида қидирув ишларини амалга ошириб келган Европа экспедициячиларига қадимги Миср “метрополис”ининг мавжудлиги узоқ вақтдан бери маълум бўлган. Қазиш ишлари ҳозиргача давом этмоқда.
Аляскадаги Венеция мунчоқлари
2021 йилнинг февраль ойида олимлар қизиқарли топилма ҳақида гапиришди. Улар Аляскада Колумб Янги дунёни кашф этишидан анча олдин тушиб қолдирилган, ёши 500 йилдан ортиқ бўлган мунчоқларни топиб олишди. Ҳозиргача европаликлар учун Американи 1492 йилда испан денгиз саёҳатчиси кашф қилган деб ишонилади.
Тадқиқотчилар венеция мунчоқлари Италиядан Аляскага Евроосиё ва Беринг бўғози орқали 1397-1488 йилларда, яъни Христофор Колумбнинг саёҳатидан бир неча ўн йиллар олдин олиб келинганлиги тўғрисидаги тахминни олға суришмоқда.
Британиядаги хочга михланган одамнинг қолдиқлари
Хочга михлаш Рим империяси давридаги қатлнинг асосий шакли ҳисобланган. Гарчи ушбу турдаги қатл биринчи минг йилликнинг бошида кенг тарқалган деб ҳисобланса-да, тадқиқотчилар камдан-кам ҳолларда остеологик далилларни топган, эҳтимол қурбонлар кўндаланг тўсинларга боғлангандир.
Замонавий археологларнинг бутун тарихи давомида олимлар хочга михланишнинг фақат уч ҳолатидан хабардор эди, бироқ яқинда улар янги кашфиёт қилишди. Британия Кембрижидан унчалик узоқ бўлмаган жойда археологлар оёғида жароҳат излари бор жасад ёнида 12 та мих ва ёғоч бўлакчалари бўлган одамнинг қолдиқларини топишди. Қолдиқлар текширилгач, олимлар уни хочга михлаш орқали қатл этилган, деган хулосага келишди. Бу Англияда топилган биринчи бундай ҳолат бўлди.
Ҳомилали мумиё
Эркак коҳинга тегишли бўлиши тахмин қилинган қадимги Миср мумиёсини ўрганиш чоғида олимлар бу аслида ҳомиладор аёлнинг мумиёланган жасади эканлигини аниқлашди. Рентген нурлари ва компьютер томографияси унинг қорнида ҳомила бўлганлигини кўрсатди.
Аёлнинг тахминан 2000 йил олдин яшагани, унинг ёши 20-30 гача, ҳомиласи 26-30 ҳафталар орасида бўлганлиги аниқланган. Бу тарихдаги биринчи бундай топилмадир.
Қадимги қасддан дафн этиш ҳоллари
Май ойида Кенияда олимлар 78 минг йил олдин вафот этган одамнинг скелети жойлашган дафн чуқурини топдилар. Тадқиқотчилар қолдиқлар атайлаб дафн қилинган 2,5 ёшдан 3 ёшгача бўлган болага тегишли бўлганини аниқлашди. Боланинг танаси қабрда эгилган, тиззалари кўкракларига босилган ҳолатда эди. Суяклар ва унинг атрофидаги тупроқни таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, бола чуқурга жойлаштирилганидан сўнг тезда кўмилган, бу эса танани тез бузилиб кетишдан ҳимоя қилган.
Евроосиё билан солиштирганда Африкадаги тош даврига оид одамларнинг бу тарзда дафн этилиши олимлар учун сир бўлиб қолмоқда. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу қитъалар бўйлаб дафн этиш амалиётидаги тафовутларни акс эттириши мумкин. Бироқ, бу топилмалар ҳеч бўлмаганда африкаликларнинг узоқ аждодлари ўлик болаларга қандай муносабатда бўлганлиги ҳақида аниқ тасаввур беради.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.