2022 йилда меҳнат муҳожирларининг фақатгина Россиядан жўнатган маблағи 16 миллиард доллар атрофида бўлган
Афсуски, бу пулларни катта қисми тўйлар, қиммат автомобиллар сотиб олишга ишлатилган
Инвестициялар орқали янги корхоналар ишга туширилади, фаолият кўрсатаётганлари эса реконструкция қилиниб, ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилади, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш учун қўшимча имкониятлар вужудга келади.
Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида «Иқтисодий, жумладан, инвестицион фаолиятнинг самарадорлигини қайси мезонларга таяниб баҳолаш мақсадга мувофиқ?», деган табиий савол туғилади. Бир қарашда энг муҳим кўрсаткич – бу ЯИМнинг ўсиш суръатлари. Лекин фақат унинг ёрдамида самарадорликка баҳо бериш қийин.
Гап шундаки, мамлакатимиз иқтисоди дунёнинг бошқа давлатларида учрамайдиган таркибий тузилишга эга. Жумладан, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотларнинг асосий қисми ташкилий секторда эмас, балки якка тартибда, деҳқонлар томорқалари зиммасига тўғри келади. Ўз-ўзидан тушунарлики, бундай ҳолат ЯИМ ҳажмини ҳисоблашда муайян қийинчиликлар туғдиради. Қорамол сони, етиштириладиган гўшт ва сут, мева-сабзавотларнинг миқдорида аниқлик бўлмагандан кейин ЯИМнинг якуний қийматини ҳисоблашда ҳам аниқликка эришиш қийин. Афсуски, статистик фаолиятдаги ушбу жиддий муаммо ҳал этилмасдан туриб, аграр соҳадаги муаммо саноат соҳасига ёйилган.
Бу нима дегани? Биринчидан, кичик корхоналар ташкил этишда сифат мезони ўрнига миқдорий ёндашувга кенг йўл очиб берилди, бу эса иқтисодий назариядаги ишлаб чиқаришни ихтисослаштириш ва концентрациялаш тамойилига зид. Иккинчидан, саноат маҳсулотларининг ярмидан кўп қисми кичик корхоналар зиммасига тўғри келади деб айтилади, аммо расмий статистика буни исботлашга қодир эмас. Алоҳида туманларнинг маълумотлари таҳлил қилинганда, кичик саноат корхоналарининг аксариятида банд бўлганларнинг сони 2-3 кишидан иборат. Бунақа корхоналарнинг кўплиги туфайли уларнинг йиллик ҳисоботларини қабул ва таҳлил қилиш февраль ойининг охиригача чўзилади.
Бундан хулоса шуки, саноат соҳаси самарадорлигини ўлчашда аниқлик ва шаффофликка эришиш қийин, энг муҳими, икки ой ичида таҳлилий ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, инфляцияни жиловлаш каби вазифалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш борасида ўз долзарблигини йўқотади.
Юқорида қайд этилганларни инвестицион фаолият билан боғлашга ҳаракат қилиб кўрайлик.
Аграр соҳада индивидуал секторнинг ҳукмронлик қилиши натижасида соҳага жалб этилаётган инвестициялар улуши энг паст, яъни 10 фоиздан ҳам паст даражада сақланиб қолмоқда. Шу сабабдан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги саноат, қурилиш ва хизматлар соҳаларига нисбатан анча паст суръатлар билан ривожланяпти. Механизациялаш, меҳнат унумдорлиги пастлиги туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари бошқа товарларга нисбатан юқори суръатларда ўсиб бораётганига, инфляцияни жиловлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни пучга чиқишига сабаб бўлмоқда.
Саноат соҳасига инвестицияларни жалб этишда ҳам нуқсонлар мавжуд. Буни исботи сифатида қуйидаги рақамларни келтириш мумкин: 2022 йилда 2016 йилга нисбатан саноатга жалб этилган йиллик инвестициялар ҳажми икки маротаба ошди, аммо соҳанинг ўсиш суръатлари ўзгаришсиз қолмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири – бу инвестицион лойиҳаларни маркетинг тадқиқотларисиз амалга оширишдир. Тасаввур қилинг, вилоят инвестиция дастурига кўра, ҳар бир янгидан ташкил этилаётган иш ўрни учун 100 минг доллар сарфланиши режалаштирилган. Шубҳасиз, бундай лойиҳалар молиявий нуқтаи назардан меъёрий муддатларда ўзини оқлаши амримаҳол.
Сир эмас, инвестицион фаолиятда афзаллик кўпроқ хорижий манбаларга қаратилган, натижада бу борадаги улкан ички имкониятлар четда қолмоқда. Мисол учун, 2022 йилда меҳнат муҳожирларининг фақатгина Россия Федерациясидан жўнатган маблағлари 16 миллиард доллар атрофида бўлган. Афсуски, бу пулларни катта қисми исрофгарчилик билан ўтказиладиган тўйлар, қиммат автомобиллар сотиб олишга ишлатилади, ваҳоланки уларни очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари ташкил этиш йўли билан инвестицион манбаларга айлантириш мумкин. Инвестицион манба сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган маблағлар давлат бюджети орқали ижтимоий соҳаларга йўналтирилади, аммо улардан нечоғлик самарали фойдаланаётгани иккинчи даражали ишга айланган. Айтмоқчи бўлганим шуки, инвестицион фаолиятнинг самарадорлиги нафақат ишлаб чиқариш соҳалари, балки ижтимоий соҳалар учун ҳам муҳимдир.
Илҳом Вафоев, иқтисодчи.