2023 йилдаги илмий сенсациялар
Олимлар ҳар йили илм-фаннинг барча муҳим соҳаларида ютуқларга эришиб келмоқда, 2023 йил ҳам бундан мустасно эмас. Бугун яқин келажакка кор бериши мумкин бўлган энг шов-шувли илмий кашфиётлар билан танишамиз.
Инсон фикрини ўқий оладиган СИ декодер
Остиндаги Техас университети (АҚШ) тадқиқотчиларининг иши “мия фаолиятига асосланган тил кодларини очиш тизими”ни тасвирлайди. Бу тизим узлуксиз миядагиактивликни матн оқимига айлантира олади.
Тизим функционал МРТ сканеридан фойдаланишга асосланган. Нашр этилган тадқиқот маълумотларни таҳлил қилиш учун “ChatGPT” ёки “Bard” каби генератив сунъий интеллект моделларидан фойдаланилишни тақозо этади. Ҳозирча бундай муолажа мия "нима деган"ини том маънода очиб бермасдан, балки асосий фикрни намоён қилади, жараён натижасида матн ҳосил бўлади.
Олимлар бу ишланма кейинчалик, айтайлик, инсультдан кейин онгда бўлган, лекин "классик" тарзда гапириш қобилиятини йўқотадиган одамлар билан мулоқот қилишига ёрдам беради, деб умид қилмоқдалар.
46 минг йил ўтиб... чувалчанг жонланди
“PLOS Genetics” веб-сайтида эълон қилинган тадқиқотга кўра, Россия Фанлар академияси Тупроқшунослик физик-кимёвий ва биологик муаммолари институти олимлари Сибирнинг абадий музликларида тахминан 46 минг йил давомида қолиб кетган нематода қуртини жонлантиришга муваффақ бўлди.
Тадқиқотчилар Сибирь шимоли-шарқидаги Қолима ҳудудидан 40 метр чуқурликдаги абадий музликларда дам олаётган қуртдан намуна олдилар. “Sky News”га берган интервьюсида улар уни сув билан жонлантиришга муваффақ бўлишганини айтган. Қурт бир ойдан камроқ вақт яшаган бўлса-да, 100 дан ортиқ янги авлодларни дунёга келтиришга муваффақ бўлди.
Олимларнинг фикрига кўра, кашфиёт эволюция жараёнини тушуниб олиш учун муҳимдир, чунки амалиёт вақт ўтиши билан йўқолиб кетган алоҳида ҳайвонлар турларини қайта тиклашга ҳисса қўшиши мумкин.
Ўсимликлар ҳам бақиради
“Сувсизланиш ёки пояларни кесишда стресс ҳолатида бўлган ўсимликлар бизнинг қулоқларимиз сезмайдиган товушларни чиқаради, лекин уларни ҳашаротлар, сутэмизувчилар ва эҳтимол бошқа ўсимликлар эшитиши мумкин”, дея таъкидлайди исроиллик тадқиқотчилар “Cell” журналида.
Тель-Авив университети биологлари бир қатор лаборатория тажрибаларидан сўнг помидор ва тамаки намлик етишмаса ёки намлик кўп бўлиб чирий бошлаган пайтда уларнинг товушларини қайд этишди. Қичқириқ ультратовуш диапазонида махсус қурилмалар орқали эшитилиши сабабли одамлар уни эшитмайди. Ўсимликларнинг товушлари секин чирсиллашга ўхшайди. Товушлар турлари ҳам стресс сабабига қараб турлича бўлган. Келажакда бу кашфиётдан қишлоқ хўжалиги суғориш тизимларида экинларнинг гидратация тизими ҳолатини кузатиш ва сувни самаралироқ тақсимлаш учун ўсимликларнинг овозли ёзувларидан фойдаланиш мумкин, дейди мутахассислар.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.
(Давоми бор).