21 миллиондан ортиқ фуқаро бевосита Ўзбекистон Президенти сайловида иштирок этиши кўзда тутилган
Бундай катта масъулиятли ва халқаро аҳамиятга эга сайлов жараёнларини ташкил этиш ва ўтказишда катта жамоа иштирок этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та округ сайлов комиссиялари томонидан 10760 та сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди. Унда жами 142 044 нафар фуқаро комиссия аъзоси сифатида иштирок этади. Шундан, 68314 нафари халқ таълими тизими, 1865 нафари олий таълим тизими, 22229 нафари бошқа давлат идоралари вакиллари, 22750 нафари ўзини-ўзини бошқариш органлари, 20561 киши нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, 6325 нафарини вақтинча ишсиз фуқаролар ташкил этади.
Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 102 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда участка сайлов комиссиялари таркибида 54361 нафар аёл иштирок этган эди.
Сайлов комиссиялари таркибига ижтимоий фаол ногиронлиги бўлган шахсларни киритиш ва уларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида 14 нафар, участка сайлов комиссиялари таркибида 1046 нафар ногиронлиги бўлган шахслар фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ҳар қандай сайлов давлатнинг нафақат сайловга оид халқаро мажбуриятларига риоя этилиши, балки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини ҳам халқаро жамоатчиликка намоён қилади. Бугун мамлкатимиз инсон ҳуқуқларига дахлдор бўлган 80 дан ортиқ халқаро шартномаларнинг аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон БМТ органлари олдида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияларнинг ижроси бўйича даврий ҳисоботлар тақдим этиб боради. Шунинг учун ҳам сайловлар халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертлар томонидан кузатиб борилади.
Сайлов кодексининг 33-моддаси талабига кўра, кузатувчилар сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш, номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш, сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш, овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш, агар тегишли сайлов участкасида ушбу Кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган, деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш каби ҳуқуқларга эга.
Халқаро кузатувчилар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш хоҳиши тўғрисида округ сайлов комиссиясига сайловга камида уч кун қолганда хабар бериши лозим. Округ сайлов комиссияси кузатувчилар рўйхатини тегишли участка сайлов комиссиясига етказади ва муассаса раҳбарияти томонидан кузатувчиларнинг бу обектларга кириб чиқиши таъминланади.
Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 67-бандида сайлов куни овоз бериш вақтида участка сайлов комиссияси биносида ҳозир бўлиши мумкин бўлган шахслар тоифаси белгиланган. Шундан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та индикаторлар ишлаб чиқилди. Яъни, тегишли участка сайлов комиссияси, тегишли округ сайлов комиссияси, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхати бўйича овоз беришда иштирок этувчи сайловчилар, сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича республика тренерлари, ҳудудий тренерлар сайлов жараёнларида иштирок этишлари мумкин.
Бугунги кунда хорижий тажриба ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳар бир туман ва шаҳардаги биттадан намунавий сайлов участкаларида, яъни 207 та туман ва шаҳарларда жами 414 та кузатув камералари ўрнатилди. Бу бутун республикада бўлиб ўтаётган сайлов жараёнларини бир жойдан туриб кузатиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, сайлов жараёнларини кузатиш сайловларнинг қонун доирасида, очиқ ва ошкора ташкил этиш, миллий қонунчилик асослари ва халқаро нормаларни тўғри қўллаш, асосийси, фуқароларнинг ўз овозларини бериш ва сайлов натижаларининг ҳаққоний бўлиши ҳамда танлаган номзодлари ютуғидан баҳраманд бўлиш, келажакни тўғри танлаш имконини яратади.
Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.