25 декабрдан карантин чоралари кучайтирилади, деган миш-мишлар тарқалди. Бу гапларда асос борми?

Мамлакатимиздаги пандемик вазият, коронавирус билан боғлиқ сўнгги янгиликларга оид ССВ матбуот хизмати саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Атабеков жавоб берди.

— Халқимизда “ниятга яраша беради” деган гап бор. Билмадим, баъзи шахслар бу каби миш-мишларни яхши ниятда тарқатишаяптими ёки доим шундай “совуқ” ният қилишга ўрганиб қолишганми? Дейлик, карантин тадбирлари қайтадан кучайтирилса, аниқроқ айтганда, уйдан чиқиш, ишга бориш, ҳаракатланиш, қўйингки, шу каби барча эркинликлар чегараланса, бундан кимга ва қандай наф?! Дунё ҳамжамиятида вазият ўта оғир бўлиб турган бир пайтда ва юртимизда карантин тадбирларининг бирмунча юмшатилиши мавжуд эпидемик вазиятга салбий таъсир қилиши мумкинлигини тўлиқ англаган ҳолда Республика махсус комиссиясининг чеклов тадбирларини бирмунча юмшатишга қарор қилгани бу пандемияни жиловлаш тадбирларига жалб этилган соҳаларга катта ишонч намунаси, десак хато бўлмайди.

Албатта, бу каби қарорлар қабул қилинишидан олдин барча шарт-шароитлар ўрганиб чиқилади. Юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича имкониятлар тарозининг икки палласига қўйилади ҳамда ҳар томонлама хисоб-китоблар қилинади. Асосийси, халқнинг кайфияти, шароити, имкониятлари ва муаммолари ҳар томонлама ўрганилади.

Таъкидланганлардан келиб чиқиб, юқоридаги каби миш-мишларни тарқатаётган шахсларга айтмочимиз: халқни бесаранжом қилиб, чалғитиб, қўрқитиб ёки хавотирга солиб барака топмайсиз!

Республика махсус комиссияси аъзолари эса карантин тадбирларини кучайтириш ҳақида ҳозирча ўйлаб кўришмади. Негаки, бугун бу каби чекловлар ҳақида ўйлашга умуман асос йўқ. Юртимизда коронавирус касаллиги бўйича барқарор эпидемик вазият ҳукм сурмоқда.