25 октябрь – Ички ишлар идоралари ходимлари куни: Ватаннинг фидойи фарзандлари
Бугунги кунда вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида 45 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан вилоятимиздаги сайёҳлик масканларига келувчи меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бошқарма томонидан 8 та хорижий давлатдан 13 та делегация аъзоларини кутиб олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш ишлари ташкил этилиб, саёҳат давомида кўнгилсиз ҳолатларга йўл қўйилмаган. Бошқарма ходимларига 3625 нафар хорижлик ва 3921 нафар маҳаллий сайёҳ томонидан турли масалаларда мурожаат қилинган. 1 нафар хорижий сайёҳга нисбатан содир этилган мол-мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноят бошқарма ходимлари томонидан ўз вақтида, фош этилган.
- Ички ишлар соҳасида хавфсиз туризмни таъминлаш йўналишида фаолият олиб бориш ҳам мароқли, ҳам машаққатли, - дейди лейтенант Манучеҳр Камолов. – Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиш учун келадиган маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини тинглаш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш асосий вазифамиз.
Спорт – ички ишлар органи ходими учун муҳим
Вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган спортнинг шахмат-шашка, мини футбол ва стол тенниси турлари ҳамда амалий ўқ отиш бўйича мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мини футбол бўйича ўтказилган мусобақада Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисм хизматчиларидан иборат “Лочин” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, махсус кубокни қўлга киритди,
- Бу каби мусобақалар ходимларнинг жисмоний ва жанговор тайёргарлик даражасини оширишга хизмат қилади, - дейди подполковник Одилжон Ғуломов. - Спорт билан мунтазам шуғулланиш ички ишлар органи ходими учун жуда муҳим.
Катта бўлсам...
Самарқанд туманидаги Чоршанба маҳалласида жойлашган 34-умумий ўрта таълим мактабида ҳар ҳафта жума куни ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласига бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилади. Бу галги тадбир “Келажакда ички ишлар органи ходими бўламан!”, деган шиор остида ўтказилди.
- Бу каби тадбирлар маҳалламиз профилактика инспектори Рустам Абдуллаев иштирокида ўтказилади, - дейди мактаб директори Сурайё Норматова. – Бундай ишлар натижаси ўлароқ мактабимиз ўқувчилари орасида тарбияси оғир ва махсус ҳисобда турадиганлар йўқ. Бугунги тадбирда ҳам у келажакда юртимиз тинчлиги йўлида хизмат қилишни кўнглига тугиб қўйган ўқувчиларимизга ички ишлар органи ходими нималарга эътибор қаратиши лозимлигини тушунтирди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).