27 март – Халқаро театр куни: Соҳада ютуқлар кўп, аммо муаммолар ҳам оз эмас

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрига 1914 йил 15 январда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» спектакли билан тамал тоши қўйилган.

110 йиллик тарихга эга театрда турли мавзу ва жанрлардаги тарихий, миллий, замонавий ва жаҳон классик асарлари саҳналаштирилиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

- Ўтган йил театрда ташкил этилган 120 дан ортиқ спектакль намойишига 40 мингдан зиёд томошабин келди, - дейди вилоят мусиқали драма театри директори Искандар Султонов. - «Мирзо Улуғбек», «Ака-укалар», «Оромижонимсан мани», «Имон», «Самарқанд сайқали», «Эдип», «Кўчки», «Самарқанднома», «Танҳо юлдуз», «Падаркуш», «Тазарру», «Ишқ бўстони», «Майсаранинг иши», «Баҳодир Ялангтўш», «Лайли ва Мажнун» каби йирик асарлар саҳналаштирилди.

Жорий йил бошида «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти учун ўтказилган танловда вилоят мусиқали драма театрининг «Лайли ва Мажнун» спектакли «Йилнинг энг яхши спектакли» деб эътироф этилди. Шунингдек, ушбу спектаклда Лайли ролини ижро этган театр актрисаси Шоҳсанамхон Облоқулова «Йилнинг энг яхши театр актрисаси» номинацияси ғолиби бўлди. Президентимизнинг жорий йил 5 март куни имзолаган фармони билан театримизнинг устоз актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Жўрақулова «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Кейинги йилларда театрларнинг хорижий давлатлар билан халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам ортиб бормоқда. Кейинги уч йилда театримиз жамоаси 10 дан ортиқ халқаро гастроль сафарида бўлди. Спектаклларимизни жаҳон саҳнасига олиб чиқиш билан дунё аҳлига миллий санъатимиз, тарихий шахслар, буюк бобокалонларимиз ҳақида кўпроқ маълумот бериш, уларнинг юртимиздаги тарихий обидаларга бўлган қизиқишларини ошириш, шунингдек, тажриба алмашишни мақсад қилганмиз. Жумладан, жорий йилда Туркия, Англия, Беларусь, Қозоғистон мамлакатларига фестивалларга бориш ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида театр томошалари намойиш этиш, танловларда иштирок этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, театримизнинг 110 йиллигига бағишлаб «Гамлет», «Оққуш парвози», «Одамга ёрдам беринг ёхуд осмоннинг эгаси бор» ҳамда А.Чехов асарларидан янги спектакллар саҳналаштирамиз.

Албатта, ютуқлар билан бирга тизимда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас. Биринчидан, кейинги пайтда штатлар қисқариб кетиши натижасида театрда менежер, маркетолог, ҳамшира вазифасини бажарувчилар йўқ, лекин уларга эҳтиёж бор. Иккинчидан, туман ва шаҳарларга ёки бошқа вилоятларга декорациялар билан бориш, танловларда иштирок этиш учун махсус машина берилмаган. Учинчидан, вилоят мусиқали драма театрида чолғу асбоблари ва бошқа ускуналар етишмайди.

Шу кунларда актёрларимиз томонидан саҳналаштирилган 24 та спектакль мухлислар эътиборига ҳавола этилмоқда. Анъанага кўра, ҳар йили 27 март - Халқаро театр куни дунё бўйича (World Theatre Day) «Театр - халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлаш воситаси» шиори остида кенг нишонланади. Бу ғоя илк маротаба 1961 йилда Халқаро театр институтининг IX конгрессида илгари сурилган ва дунёнинг 100 дан ортиқ давлати уни қўллаб-қувватлаган. Сана муносабати билан 21–27 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб «Театр томошалари ҳафталиги» ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида театримизда «Лайли ва Мажнун», «Бўёқчи», «Бир ўлиб кўрайчи», «Тазарру»,  «Қиролнинг янги либоси», «Театрлаштирилган концерт томоша» саҳна асарлари бепул намойиш этилмоқда.