Самарқанд вилоятидаги 274 маҳаллада жиноят содир этилмаган

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ҳамда профилактика инспекторларининг 2018 йил якунига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарлари, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда профилактика инспекторлари 2018 йилда вилоятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда салмоқли ишлар амалга оширилганини қайд этди.

Таъкидланишича, ўтган йил ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда ички ишлар идоралари ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида вилоятда умумий жиноятлар сони 32 фоизга камайган. 1087 маҳалланинг 274 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган. Жамоатчилик кўмагида хонадонларга кириб ўрганилганда 5008 та низоли ҳолатлар аниқланган ва “Яраштириш комиссияси” муҳокамасида 4650 оилалар яраштирилган.

Шунингдек, йиғилишда жорий йилнинг 10 январь куни Президентимиз ҳузурида ички ишлар органлари ходимлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси, ҳудудларда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини амалга оширишда ўтган йилда йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилиб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 Тадбирда ижобий кўрсаткичларга эришган туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, профилактика инспекторларига эсдалик совғалар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғига “Дамас” автомашинаси топширилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова иштирок этди.