3 июнь - Бутунжаҳон велосипед куни

Энг қулай ва экологик тоза транспорт воситаси санаси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан белгиланган.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, 2018 йил апрель ойида БМТнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси йиғилишида бир қатор масалалар кўриб чиқилар экан, инсон саломатлигини яхшилаш, дунё аҳолисининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида қатор лойиҳалар устида изланиб, улар орасида энг мақбули – велосипед тарғиботини маъқуллади. Шунда 3 июнь – Бутунжаҳон велосипед куни деб эълон қилинди ва бутун дунё бўйлаб бу сана катта байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.

Велосипед тарихи 1818 йилдан бошланади. Барон Карл фон Дрез биринчи бўлиб "чопиш учун машина"ни патентлайди. Ёғоч ихтиро икки ғилдиракли самокатга ўхшарди. Педалларсиз велосипеднинг вазни тахминан 20 килограммни ташкил этар ва у соатига 10 километргача тезлашиши мумкин эди.

Ҳозирда велосипеднинг - тоғ, шоссе, спорт, триатлон, трек, циклокросс каби ўнлаб тури мавжуд.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатида муҳим транспорт воситасига айланиб улгурган велосипед инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ҳам беқиёс фойдалидир. Ундан спорт мақсадида шуғулланиш эса мисли кўрилмаган даражада самарали. Велоспорт билан мунтазам шуғулланадиган инсонларда ҳозирда кўп учрайдиган юрак-қон томир тизими ва қандли диабет касалликлари деярли учрамайди. Бу транспорт узоқ умр кўриш гарови, десак муболаға бўлмайди.