30 минг долларни ўмарган 3 нафар аёлга жиноят иши қўзғатилди

2020 йилнинг 20 сентябрь куни соат 14:30 да номаълум шахслар Денов шаҳрида бўлган “Денов-бободеҳқон” бозорида жойлашган, 39 ёшли Ф.С.га (аёл) тегишли заргарлик дўконининг савдо растасида турган, умумий баҳоси 30.000 АҚШ доллари бўлган ҳар хил турдаги қимматбаҳо аёллар тақинчоқларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, савдо дўконига кириш йўлагида ўрнатилган кузатув камераси ёзувлари текшириб кўрилганида, ўғирлик содир бўлган вақтда савдо дўконидан уч нафар аёл бир вақтда чиқиб кетганлиги ва улардан бирининг қўлида кийимга ўралган нарса борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни 19 ёшли Х.Д., 28 ёшли Н.Ш. ва 52 ёшли О.Р.лар (барчаси аёллар) содир этганлиги аниқланиб, улардан талон-торож қилинган тақинчоқлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, жиноят содир этган шахслар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Тилла тақинчоқлар эгасига тўлиқ қайтариб берилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.