30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан спорт синовларини қабул қилиш бошланди

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида 11 та ёш тоифаси бўйича «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари олинмоқда.

Спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талабларини бажариш учун маҳалла ва мактабларда спорт иншоотлари танлаб олинган бўлиб, иштирокчилар узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажармоқда.

Бугун Самарқанд шаҳридаги ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабидаги студиядан бир вақтда республикамизнинг  барча ҳудудида 30–70 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан спорт синовларини қабул қилишга старт берилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев ва вилоят спортига масъул раҳбарлар иштирок этди.

- Вилоятимизда жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача 471 минг 919 нафар, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача 4563 нафардан зиёд фуқаро спорт синовларини топширди, - дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмонов. - Октябрь-ноябрь ойларида 30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида спорт синовлари олинади.

Жисмоний тайёргарлик меъёрларини бажарган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиёти жорий этилган бўлиб, my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизимига жойлаштириб борилмоқда.

Ушбу спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчилар «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланяпти. Шунингдек, ғолибларга ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган амалий машғулотларда устунлик берадиган сертификатлар бериляпти.