“32 фоиз пасайиш”: Марказий банк ташқи туризм, транспорт хизматлари ва автомобиль ишлаб чиқариш кўрсаткичлари тушганини маълум қилди
Марказий банк 9 ойлик асосий кўрсаткичларни эълон қилди. Ҳисоботда йил бошидан иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиб бориши ҳисобига ички ва ташқи талаб динамикасида ижобий тенденциялар кузатилаётгани айтилган.
Хусусан, 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,9 фоизни ташкил этган. Бунда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 9 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 4,2 фоизга, қурилиш ишлари – 4,5 фоизга ва асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар – 5 фоизга ўсган. Ушбу даврда аҳоли даромадлари реал ҳисобда 10,4 фоизга ошган.
«Шу билан бирга иқтисодиётнинг айрим соҳаларида иқтисодий фаолликнинг пандемияга қадар бўлган даврдаги даражасигача тикланиши узоқроқ муддатни талаб этмоқда.
Ички ва ташқи туризм, транспорт хизматлари, автомобиль ишлаб чиқариш (ўтган йил 9 ойга нисбатан 32,4 фоизга пасайган) ва умумий овқатланиш соҳалари ҳали ҳам 2019 йил даражасига етгани йўқ» дейилади Марказий банк хабарида.