368 минг нафар ўқувчидан спорт синовлари олинди

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида 11 та ёш тоифаси бўйича беш йўналишда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари қабул қилинмоқда.
Вилоятимизда жорий йилнинг март-апрель ойларида 7 ёшдан 17 ёшгача, апрель-май ойларида 18 ёшдан 29 ёшгача, август-сентябрь ойларида 30 ёшдан 49 ёшгача, октябрь-ноябрь ойларида 50 ва ундан катта ёшдаги шахслардан ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талаблар асосида спорт синовлари олиняпти.
Спорт синовларини топширган фуқароларнинг таҳлилий маълумотларини ягона электрон базада юритиш амалиётини жорий этиш мақсадида my.sport.uz платформасида “Sport sinovlari” ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, узоқ ва қисқа масофага югуриш, юриш, баскетбол саватчасига тўп киритиш, узун ва қисқа масофага сакраш, граната улоқтириш каби спорт машғулотларини бажарган иштирокчилар баҳолаб борилмоқда.
- Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида март-апрель ойларида вилоятдаги 368 минг нафар ўқувчидан спорт синовлари қабул қилинди, - дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи вазифани бажарувчи Олим Собиров. - Ушбу спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талаблари маҳалла ва мактабларда танлаб олинган спорт иншоотларида ўтказилмоқда. Спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчиларга «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, ғолибларга ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган амалий машғулотларда устунлик берадиган сертификатлар берилиб, махсус талабларни бажарган 10-11-синф ўқувчилари “Ватан таянчи” харбий отрядларига қабул қилинадиган бўлди.