5 йиллик стажга эга ходимлар тест синовларисиз талабаликка қабул қилиниши мумкин
Бунда талаблар қандай?
Президентимизнинг 2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги қарорига асосан, олий таълим муассасаларига янги ўқув йилидан бошлаб вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги таълим шаклининг бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилди, деб ёзмоқда ЎзА.
Бунда ўқишга қабул қилиш тегишли иш берувчиларнинг тавсияси асосида камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар ҳисобидан, кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан, иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан амалга оширилади.
Ҳужжатга кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори олий таълим муассасасининг салоҳияти ва ҳудудий жойлашуви, шунингдек, абитуриентларнинг олий таълимга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда табақалаштирилган тўлов-контракт қийматининг Давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал бараваридан кам бўлмаган миқдорда олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгиланади.
Бунда табақалаштирилган тўлов-контракт бўйича қабул кириш синовлари натижасига кўра олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси параметрлари доирасида ўқишга тавсия этилмаган абитуриентларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг тўплаган баллари қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда амалга оширилади.