60 ёшдан ошиб ҳам тўғри йўлни танламаган гиёҳвандга ҳукм ўқилди

Р.Ж. умр бўйи қора меҳнат қилиб, топганини ичкиликка, кайфу сафога сарфлади. Унинг бир ўғли чет элга кетиб, қизи эса бошқа туманга турмушга чиқиб кетди, қутулди. Бир ўзи қолган, унинг устига касалманд аёлни боқаётган Р.Ж.нинг оёғи оғрий бошлайди. Шунда гиёҳвандлик воситасини уйда ўстириб, истеъмол қилса, оғриқлари қолиши ҳақида эшитгани ёдига тушиб, экиш учун гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган “каннабис” ўсимлигини қидиради.

Кўп йиллар олдин тоғда ёввойи ҳолда ўсган наша ўсимлигининг 6 дона уруғини олиб, бир коғозга ўраб, яшаш уйининг пол қисмидаги бир тешикка тиқиб, яшириб қўйганлиги ёдига тушади ва ушбу уруғларни ҳовлисининг томорқа қисмига экиб парваришлай бошлайди.

2020 йил 15 май куни соат 13:00 ларда Нурота тумани ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2020” тезкор профилактика тадбири давомида унинг томорқаси кўздан кечирилганда, Навоий вилояти ИИБ ЭКБнинг 2020 йил 16 майдаги 59-сонли экспертиза хулосасига кўра, таркибида “каннабидиол” гиёҳвандлик воситаси мавжуд бўлган, биологик пишиб етилмаган 5 туп “каннабис” ўсимлигини келгусида истеъмол қилиш мақсадида экиб, парваришлаб келаётгани аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

2020 йил 6 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди раиси З.Ибрагимов томонидан судланувчи Р.Ж. қилмишидан пушаймонлиги, оилада ягона боқувчи эканлиги, 60 ёшдан ошганлигини инобатга олиб, унга жарима жазоси тайинланди.

Х.АСОМОВ,
жиноят ишлари бўйича Нурота тумани суди девонхона мудири.