Вилоятда аҳолининг 8 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 41 фоизининг иқтисодий аҳволи яхши: оилалар иқтисодий аҳволига кўра 4 тоифага ажратилди

Самарқанд вилоятида аҳолининг:

16 фоизи (118 743 та хонадон) 1-тоифа — даромади кам, ишсизлари бор, даромад топиш, касб-ҳунар ўрганишга ҳаракати борлар.

34 фоизи (250 277 та хонадон) 2-тоифа — доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор хонадонлар.

8 фоизи (57 060 та хонадон) 3-тоифа — (ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар сони)

42 фоизи (307 650 та хонадон) 4-тоифа — иқтисодий аҳволи яхши.

Бу ҳақда вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азамат Туронов матбуот анжуманида журналистларга маълум қилди.

Шунингдек, хатлов жараёнида:

-164 000 та ишсизлар (шундан, ёшлар-38 000 та, аёллар 64 000 та),

-161 943 нафар ишлаш истагида бўлган фуқаролар;

-18 190 нафар касб-ҳунарга ўқиш истагидаги;

-18 428 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган;

-33 869 нафар кредит олиш истагида бўлганлар;

-65 611 нафар ногирони бор, доимий ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар аниқланган.

Туроновга кўра, маҳаллаларнинг ихтисослашуви ўрганиб чиқилиб, иқтисодий ривожлантириш бўйича 55 та йўналишда 3 369 та “ўсиш нуқталари” ёки драйверлари белгилаб олинган.

Таъкидланишича, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 271 та тадбиркорлик субъектларига жами 1 трлн 23 млрд. сўм, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 127,6 млрд.сўм кредит ажратилган.

Биринчи чоракда жами 140,8 минг нафар, шундан 52,3 минг нафари ҳоким ёрдамчилари кўмагида аҳоли бандлиги таъминлангани айтилмоқда. Жумладан, 22,8 минг нафар фуқароларга ҳоким ёрдамчилари кўмагида ижара асосида ер ажратилган. 3 565 киши касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган. 518 та кичик (мини) ишлаб чиқариш, 1 086 та хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилган. 43 та кўп қаватли уйлар ертўлаларида ҳам лойиҳалар амалга оширилган. 263 та корхоналар фаолияти кенгайтирилган ва 143 та кам қувват билан ишлаётган корхоналар қуввати тикланган. Бундан ташқари, 35 мингдан зиёд норасмий ишчи-ходимлар фаолияти легаллаштирилган.