80 минг долларлик фирибгарлик иши бўйича ҳукм ўзгартирилмади

Фирибгарликни касб қилган Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Султон Алишеровга (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 4 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш бўйича тайинлаган жазо жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди кассация инстанциясида адолатли ва тўғри деб топилди.

Аслида унга «чув» тушганларнинг барчаси танишлари бўлди. У дастлаб таниши Жамшид Сувановга Каттақўрғон шаҳри Амир Темур шоҳ кўчаси ва Жума-Самарқанд йўли атрофида жойлашган “Амфитеатр” мажмуаси билан Каттақўрғон ғишт заводи оралиғидан учта – ҳар бирининг ўлчами 600 кв.м дан бўлган ер майдонларини “аукцион” орқали олиб беришни ваъда қилади. Бунинг учун жами 10 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни қўлга киритган.

Албатта, Султон Жамшиднинг ишончини қозонишида Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 4 дона 268 қ-сонли қарорлари муҳим рол ўйнаган. Ваҳоланки, бу қарорлар Султоннинг ҳамтовоқлари томонидан копьютерда тайёрланиб, рангли принтердан чиқарилган қалбаки ҳужжат эди. Айнан шундай ҳужжатлар билан С.Алишеров жиноий шериклари билан ўнга яқин танишларининг ишончини қозониб, уларнинг қарийб 80 минг доллар пулларини ўзлаштириб олган.

Панжара ортига тушгач эса «ақли кирган»лигига судни ишонтирмоқчи бўлди. У кассация шикоятида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити оғирлиги, оиласида ягона боқувчи эканлиги, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, иш бўйича етказилган зарар қисман қопланганлиги ва яшаш жойидан ижобий тавсифлаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Шикоятлардаги важлар суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли, суд ҳукми ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирилди.

Ғ.НЕГМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд вилояти судининг судьяси.