800 минг сўм пора олган «технадзор» 3 йилга қамалди

Бакир Музаффаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Ургут туман бўлимида катта инспектор бўлиб ишларди. Иши, маоши, обрўси яхши эди. Аммо нафс балоси уни панжара ортига етаклади.

Судда исботини топган далилларга кўра, воқеа шундай кечади: тракторчи Малик Носиров қишлоқ хўжалик техникаларини бошқариш учун гувоҳнома олиш мақсадида Ургут туманида «технадзор» бўлиб ишлаётган Бакирга учрашиб, муддаосини айтади. Бакир унга гувоҳномани олиш учун 3 ой ўқув курсларда ўқиш лозимлигини, лекин у харажатни кўтарса, ўқимасдан гувоҳнома олиши мумкинлигини билдиради.

- Харажати қанча бўлади? – деб сўрайди Малик.

- От билан туя бўлармиди? Атиги 800 минг сўм, - дейди Бакир.

Малик бунга рози бўлгач, Бакир унга 3х4 ҳажмдаги 2 дона расм, паспортининг нусхаси ва 083-рақамли тиббиёт муассасасидан маълумотнома ва келишилган пулни олиб келса, тез кунда тайёрлаб беришлигини билдиради. Малик эртаси куниёқ пул ва ҳужжатларни келтиради. Бакир эса ўн кунда унинг «иши»ни ҳал қилиб беришга ваъда қилиб, инспекциянинг Ургут туман бўлимига тўланиши лозим бўлган 152 минг сўмни банк кассасига кирим қилиб, қолган пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатади. М.Носировга эса гўёки Самарқанд ўқув курслари давлат муассасасида ўқиганлиги ҳақидаги сохта гувоҳнома ва сохта имтиҳон якунлари бўйича комиссия далолатномасини кўрсатиб, шу асосда олинган «Қишлоқ хўжалик техникаларини бошқариш учун гувоҳнома»ни беради.

Бундан хурсанд бўлган М.Носиров худди шу гувоҳномадан жиянига ҳам тайёрлаб беришни илтимос қилади.

- Гап бўлиши мумкин эмас. Ўша келишув: 800 минг сўм пул, жиянингизнинг зарур ҳужжатлари… - дейди Бакир.

Шундан кейин Маликнинг хаёлига бу шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйиш зарурлиги келади. Уни фош этишда ёрдам беришларини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ариза билан мурожаат қилади. Улар кўмагида Бакир далилий ашёлар билан қўлга тушади…

Судда Б.Музаффаров қилган жиноятини тан олиб, ўз қилмишидан пушаймон эканлигини билдирди. Аммо жиноят жазосиз қолмайди. Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-қисми ва 210-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Яна бир ёмон томони, жамоаси, маҳалласи, қўни-қўшнилари, яқинлари, фарзандлари олдида юзи шувут бўлди.

Мана сизга нафс балосига гирифтор бўлишнинг, қонунга амал қилмасликнинг оқибати.

Акмал Аҳмадов,

жинот ишлари бўйича Ургут туман суди судьяси.