“А+Б”: айрим ёшлар вандализмни кўча санъати деб ўйлайдиган кўринади

Санъат турфа хил кўринишга эга. Мусиқа, рақс, рассомчилик, ҳайкалтарошлик – булар унинг энг оммабоп ва бизга яхши таниш шакллари. Бироқ бошқа соҳалар сингари санъат ҳам ривожланиш, такомиллашишда давом этяпти.

Бугун тобора оммалашиб бораётган санъат турларидан бири кўча санъатидир. Кўпчилик уни янги йўналиш деб билади. Аслида унинг тарихи ўтган аср ё минг йилликлардан ҳам қадимий. Баъзи манбаларда келтирилишича, ушбу санъат турининг шаклланиши палеолит даврига бориб тақалади. Ўша даврдаёқ одамлар қоятошларга турли суратларни туширишган. Қадимги Юнонистон ва Римда эса деворларни чиройли ёзув ва суратлар билан безаш урф бўлган. Унинг алоҳида санъат турига айланиши ўрта асрнинг 60 йилларига тўғри келади. Ҳозир кўча санъати мақсади ва услубидан келиб чиқиб "постгарфти", "неографти", "метро санъати", "портизан санъати" каби турларга бўлинади.

Юртимизда ҳам кўча санъати ривожланиб бормоқда. Ҳатто уни ривожлантириш бўйича ҳукумат даражасида тасдиқланган лойиҳалар бор. Шунинг ҳисобига кўчаларимизда графити, тег, асфальтга тушилган расмлар сони кўпаймоқда. Бироқ уларнинг қайсидир бири кишига завқ берса, бошқаси дилларни хира қилади. Сабаби баъзи “ижодкор”лар санъатни вандализм билан адаштириб юбормоқда. Тарихий бинолар, муқаддас қадамжоларни “А+Б”, “Сени севаман М...” сингари дил изҳорлари, маъно-мазмунсиз, ҳақоратли ёзувлар, беўхшов суратлар билан бежаш санъатми? Дарахтларни ўйиб, исмини ёзиш-чи? Бу кўпроқ маданиятсизлик ифодасидир.

Афсуски, бу маданиятсизлик кейинги йилларда замонавий маданият сифатида талқин қилиниб, ёшлар орасида тобора оммалиш бормоқда. Бугун бежалмаган мактаб деворлари, кўп қаватли бинолар йўлагу подездларини топиш қийин бўлиб қолди. Энг кўп тажавуз миллатимиз юзи бўлган тарихий обидаларга бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу кетишда нима бўлади? Ким билади?

Умида САТТОРОВА,
талаба.