"Абитуриент-2024":Тест синовлари 14 июлда бошланади

Бу йилги тест синовлари қаерда ва қандай ўтиши барчани бирдек қизиқтиради. Ушбу саволларга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Воҳид Сирлибоев жавоб берди.

- Давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда икки босқичда амалга оширилиши белгиланган, - дея гап бошлади В.Сирлибоев. - Ҳозирда биринчи босқичда абитуриентлар 5 июндан 25 июнга қадар тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтди. Вилоятда тест топшириш ҳудудини танлаб, рўйхатдан ўтганлар сони 93092 нафарни ташкил этди. Шундан, тест синовида қатнашадиганлар сони 84255 нафардан иборат. Республикамизда бакалавриат кириш тест синовлари эртага, 14 июль санасидан бошланади.

Жорий йилда ҳам тест синовлари икки навбатда ўтказилади. Биринчи навбат соат 08:00 да, иккинчи навбат соат 15:00 да бошланади.

Абитуриентлардан тест синовлари бошланишидан камида 1 ярим соат олдин белгиланган ҳудудга паспорт ёки ID-карта, абитуриент рухсатномаси билан келишлари талаб этилади.

Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларда ота-оналар учун кутиш жойлари ҳозирланган. Шунингдек, асосий ҳудудда Афросиёб футбол стадиони трибуналари, Гагарин кўчасидаги иккинчи ҳудудда эса кураш залида катта экранларда жараённи онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади.

Ҳозирда Самарқанд шаҳрида катта сиғимли ёпиқ бинолар – Шароф Рашидов номидаги СамДУ академик лицейи спорт зали (Рудакий кўчаси 243-уй), Ўзбекистон-Финландия педагогика институти жисмоний маданият факультети спорт зали (Даҳбет кўчаси 18-уй), Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган  спорт мактабининг 3 та спорт зали (Рудакий кўчаси 243-уй), Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати 2 та спорт зали (Гагарин кўчаси 85-уй)да бир навбатда 3540 нафар абитуриентга мўлжалланган жойлар тайёрланган. 

Тест синовлари ўтказиладиган барча заллар ҳаво ҳароратини мўътадил сақлаб турувчи юқори қувватли кондиционер қурилмалари билан таъминланган. Абитуриентлар учун ичимлик суви (0,5 л) ва ручка захираси яратилган. Жараён адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида бинолар гуруҳ сонидан келиб чиққан ҳолда етарлича камералар, идентификация ва видеофиксация қурилмалари билан жиҳозланган. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.