Адлия: 14 нафар тиббиёт ходимининг компенсация пуллари тўланмагани аниқланди
Тойлоқ туман туман тиббиёт бирлашмасининг 14 нафар ходими қонунда белгиланган меҳнат таътилларидан фойдаланмаган. Шунга кўра, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланмаган. Ходимларнинг бу борадаги мурожаатлари эса бирлашма раҳбарияти томонидан пайсалга солинган.
Шундан кейин ходимларнинг мазкур пулларни ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб ёзган жамоавий мурожаати Тойлоқ туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди. Мурожаатни ўрганиш давомида, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бирлашмада узоқ йиллар давомида меҳнат таътилига чиқмасдан ишлаб келаётган 14 нафар ходимга жами 101 миллион 321 минг сўм фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланмай келаётганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 234-моддаси 2-қисмида ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили учун таътилнинг ушбу Кодекснинг 217-моддасида белгиланган энг кам давомийлигидан ташқари пулли компенсация тўланиши мумкинлиги, 527-моддасида эса ходимнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз ичига олиши белгилаб қўйилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, туман адлия бўлими туман тиббиёт бирлашмасининг 14 нафар ходимларининг қонуний манфаатларини кўзлаб пулли компенсацияни ундириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритди ва суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилди.
Тойлоқ тумани адлия бўлими.