Адлия ёрдамида ишга тикланди ва 2 миллион сўмдан кўпроқ маънавий зарар ундириладиган бўлди

Каттақўрғон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси ғайриқонуний тарзда ишдан бўшатилди. 2016 йилда мазкур поликлиниканинг руҳий касалликлар бўлимида иш бошлаган фуқаро ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан ҳамширалар ўрнига йиллар давомида бир неча бор турли бўлимларга ўтказилган. Бу “ўтказилиш”лар эса охири фуқаронинг ўзига қарши ишлади.

Хусусан, сўнги марта 2022 йилнинг 14 сентябрида ушбу тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг тегишли буйруғи билан Г.Қўчқорова соғлиғи ҳолатига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан Л.Хусаинова ўрнига спирография хонаси ҳамшираси вазифасига вақтинча ўтказилган ҳамда шу куниёқ фуқаро Г.Қўчқорова билан 2016 йил 2 сентябрда тузилган меҳнат шартномасининг 1-бандига ўзгартириш киритилган. Орадан бироз вақт ўтиб, бирлашма бошлиғининг жорий йил 15 февралдаги 462-7-106-ТВ/2023-сонли буйруғига асосан Л.Хусаинова ўз ўрнига қайтиши муносабати билан Г.Қўчқорова Меҳнат кодексининг 105-моддаси билан ишдан бўшатилган.

Аммо Меҳнат кодексининг 93-моддасига биноан, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича  вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини бериши шарт. Ҳуқуқлари оёқости бўлган аёл Каттақўрғон туман адлия бўлимига ушбу чигал масалани қонуний кўриб чиқиб, ишга тикланишда кўмак сўраб мурожаат қилди.

Мазкур мурожаат адлия бўлими томонидан ўрганилиб, фуқаро манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд ишни батафсил кўриб чиқди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 249-253-моддаларини қўллаб, Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг 2023 йил 15 февралдаги 462-7-106-ТВ/2023-сонли буйруғининг Г.Қўчқоровага тегишли қисмини ғайриқонуний деб топиб, бекор қилиш ҳақида қонуний ечимни эълон қилди.

Шунингдек, фуқарони ўз вазифасига ёки унга тенг бўлган лавозимга ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун 4 112 800 сўм иш ҳақи, 2 056 400 сўм маънавий зарар ундириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати.