Адлиячилар конигилликларнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганди
Аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида мамлакатимизда «Ҳуқуқий маҳалла» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Айни лойиҳа доирасида вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Самарқанд тумани «Конигил» туризм маҳалласида «Хизматлар кўрсатиш куни» тадбири ташкил этилди.
Тадбирда 90 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланиб, 42 таси иш юритувга қабул қилинди.
Шунингдек, 35 нафар фуқаронинг фуқаролик ҳолати ҳужжатларига ўзгартириш киритиш, электрон ҳукумат тизимидаги хатоликларни бартараф этиш, солиқ, коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолари жойида ҳал қилинди. 24 нафар фуқарога давлат, нотариал ва ФҲДЁ хизматлари кўрсатилди. 60 нафардан ортиқ фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, давлат томонидан ажратиладиган бепул дори-дармонлар билан таъминланди.