Афғон шаҳзодасининг рубоби Самарқандга қандай келиб қолган?

Ҳамкасбимиз Д.Мавлонованинг “Ўзбекистонга афғон рубобини бухороликлар олиб келганми?” сарлавҳали хабарини ўқиб, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган Афғонистон шаҳзодаси Сардор Исҳоқхоннинг рубоби ҳақида илингим келди.

Ушбу афғон рубоби музей фондида 1929 йилдан буён сақланиб келинади.

Рубоб 1929 йилда Халқ хўжалиги олий кенгаши ташаббуси билан Москвада ўтказилган енгил саноат маҳсулотлари кўргазмасида намойиш этилган. Кўргазма якунланганидан сўнг намойиш этилган ашёлар мансублигига қараб ўша вақтдаги иттифоқдош республикаларга тақсимланади. Афғонистон шаҳзодаси Сардор Исҳоқхоннинг рубоби Самарқанд музейига тақдим этилади. Мазкур рубобнинг умумий узунлиги 81 сантиметр, баландлиги 18 сантиметр ва овоз косаси кенглиги 16 сантиметрни ташкил этади. Ушбу рубобда ҳам Ўзбекистонда кенг тарқалган қашқар рубобидаги каби гажаклар бор. Резонаторининг пастки қисми тери, юқори қисми юпқа тахтача билан қопланган.

Шаҳзоданинг Самарқандга келиб қолган рубобини ўрганиш давомида қизиқ маълумотларга дуч келдик.

Олим Меҳрожиддин Амоновнинг ёзишича, 1880-1901 йилларда Афғонистонда ҳукмронлик қилган Амир Абдураҳмонхон ибн Муҳаммад Афзалхон 1863 йилда бобоси Дўст Муҳаммад вафот этгач Самарқандга келади. У билан бирга амакиваччаси Сардор Исҳоқхон ҳам келиб, улар 1880 йилгача Самарқандда яшаган. Амир Абдураҳмонхон Афғонистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатгач, ўзининг амакиси Муҳаммад Аъзамхоннинг ўғли Сардор Муҳаммад Исҳоқхонга тазйиқ ўтказади. Шу сабаб Сардор Исҳоқхон Ҳирот-Балх шаҳарлари орқали юртимизга қайтган ва унга ҳозирги Хожа Абду Дарун, Хожа Аҳрори Вали ва Хожа Авлиё зиёратгоҳлари атрофларидан жой берилган.

Самарқанд давлат муей-қўриқхонаси қўлёзмалар фондида сақланаётган Мавлоно Нуриддин Маҳжурий Самарқандийнинг рисоласида қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида халқ орасида «халифа Иброҳим» номи билан танилган Хўжа Абду Дарун мозори яқинида жойлашган Хўжа Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳим хожа Самарқандий мақбараси ҳам афғон шаҳзодаси Сардор Исҳоқхон томонидан 1882 йилда бунёд этилган. Шаҳзода Сардор Исҳоқхон 1908 йилда Самарқандда вафот этади.

Рубоб Москвадаги кўргазмага қандай бориб қолганлиги, шаҳзодага тегишли буюмлар кимга мерос қолганлиги бизга номаълум. Табиийки, саволларга жавоб топиш учун тадқиқот олиб бориш талаб этилади.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.