Афғонистон чегарасидаги бозор. Унга боришингиз учун бешта сабаб бор
“Назорат кучли экан”, “Аёлларнинг эркак ҳамроҳсиз кириши мумкин эмас”, “Ҳудудида мусиқа қўйиш ёки тинглашни ман қилиш талаб қилинибди”.
Икки қўшни халқ – ўзбек ва афғонлар ўртасидаги дўстлик, самимият ва ҳамкорлик белгиси сифатида бунёд этилган Термиз халқаро савдо маркази атрофида яна қандай гап-сўзлар бўлмади, дейсиз. Хўш, улар қанчалик ҳақиқатга яқин? Самарқанддан Термизга, халқ тилида “афғон бозори” номи билан машҳур ўша марказга бориш осонми ёки қийин? У ерда нималарни харид қилиш мумкин? Буни аниқлаш учун Сурхондарёга йўл олдик.
Самарқанд – Қашқадарё – Сурхондарё
Озгина географияга тўхталамиз. Сурхондарё вилояти республикамизнинг жануби-шарқидаги Сурхон-Шеробод водийсида жойлашган бўлиб, жанубдан Амударё бўйлаб Афғонистон, шимол, шимоли-шарқ ва шарқдан Тожикистон, жануби-ғарбдан Туркманистон билан чегарадош. 20,1 минг километр квадрат майдонининг асосий қисми рельефи тоғ ва текисликлардан иборат. Сурхондарё ва Шерободдарё оқиб ўтадиган текислик шимол, ғарб ва шарқдан баланд Ҳисор тизмаси ва унинг тармоқлари билан ўралган.
Айтилганидек, сафардан мақсад бир нуқтадан иккинчи нуқтага бориб, бозорни кўриб қайтиш эмас, балки унга бориш йўлининг “паст-баланд”ларини кўриб, таассуротларимизни ўртоқлашиш эди. Шу боис йўлга енгил автомобиль билан чиқдик.
Транспортимиз Самарқанд шаҳридан кундузги соат 9:00ларда ҳаракатланди. Йўл бошловчи илова Термиз шаҳригача 370 километр масофа борлигини кўрсатди. Самарқанд тумани орқали Қарши йўлига тушиб олдик. Магистрал йўл сизни тўғри Термизга олиб боради. Агар йўлда тўхтамасангиз, 7 соатлик масофа. Аммо бунинг деярли иложи йўқ. Айниқса, Қашқадарё тоғ тизмалари, қир-адирликларнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб, йўлдан қолганингизни пайқамай қоласиз. Йўл ёқалаб жойлашган савдо шохобчаларидаги турли ноз-неъматлардан (қиш бўлишига қарамай, истаган маҳсулотингизни топасиз) татиб кўргингиз келади. Одамларининг самимиятидан кўнглингиз ёришади.
Ҳозиргина палакдан узилгандек турган тарвузни ҳам шу йўлда учратдик. Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги Галабек қишлоғида яшовчи деҳқонлар қишнинг чилласида ҳам, кўкламда ҳам тарвуз сотишади.
- Бизда тарвуз октябрь ойининг 5-10-саналарида йиғиштириб олинади, - дейди Байман ота Ҳасанов. – Кейин тепаликлардан ертўла қазиймиз. Ертўланинг ички қисми кенгайтирилиб, ҳандак ҳосил қилинади. Тарвузлар шу ҳандакка солиниб, усти тупроқ билан қопланади. Улар узоқ вақт сифати бузилмай туришининг бошқа бирор сири йўқ. Ота-боболаримиз шундай қилишган, биз ҳам. Балки еримизнинг ўзига хос хусусияти бордир. Лекин бизнинг тажрибани қўллаган бошқа ҳеч ерда тарвуз бунчалик яхши сақланганлигини кўрмадим.
Байман ота ертўлаларида 10 мингта тарвуз кўмган экан. Ҳосилнинг асосий қисмини сотиб бўлибди. Унинг айтишича, бошқа вилоятлардан атай тарвуз олиш учун келадиган одамлар ҳам бор. Кимдир дардман яқини учун, бошқалар ҳомиладор хотини ё келини учун йўл босиб келади. Лекин шу вақтгача ҳеч ким қуруқ қўл билан қайтмаган экан. Отахоннинг ўзи кунига 50 тагача тарвуз сотаётганини айтди. Нарх масаласига келсак, инсоф сари барака, катта-кичиклигига қараб 10 минг сўмдан 25 минг сўмгача тарвуз топасиз.
Ёрқин рангларга бурканган тоғлар
Сурхондарё номининг келиб чиқишига оид турли фаразлар бор. Лекин бу фаразларнинг деярли барчасида ном таржимасида “қизил” сўзи ишлатилади. Хусусан, Ўзбекистон жой номлари изоҳли луғатида Сурхондарё дастлаб, эҳтимол, Сурхоб, дея аталган, дейилади. Форсчадан таржима қилинганда “қизил дарё” дегани.
Бу ном унга нақадар мослигини Сурхондарёда бўлганларгина тушунади. Қашқадарёни чегаралаб, Сурхон воҳасига кириб бораркансиз, тоғу тошлар, ернинг ранги ҳам ўзгариб бораётганлигига гувоҳ бўласиз. Айниқса, осмон билан бўйлашган тоғларнинг турли рангларда жилоланиши кишини ҳайратга солади. Бу ранглар ичида қизил ранг устунлик қилади. Шу боис ҳам ундан оқиб тушувчи жилвалар қизғиш бўлиб, атрофга ўзига хос улуғворлик бахш этиб туради.
Айнан шундай таассуротлар билан Сурхондарёнинг машҳур Шеробод анор бозорига етиб келдик. Магистрал йўл ёқасида жойлашган бу бозорча ўзининг қирмизи анорлари билан машҳур.
- Шу туманнинг Тароғли маҳалласида тураман, – дейди Исмат Санаев. – Маҳалламизда барча анор етиштириш билан шуғулланади. Шахсан ўзимда 15 сотихда 150 туп анор бор. Улардан ҳар йили 5 тоннагача ҳосил оламан. Бизда анорлар шўр сув ичади. Шунинг учун бўлса керак, таъми ўзгача тотли, сақланиши ҳам яхши. Оилам билан бир кунда 3 миллион сўмгача савдо қиляпмиз. Йўловчилар доим бозорчамизга тўхтаб ўтади.
Анор бозорининг атрофи гавжум. Одамлар анорларни шу ернинг ўзида татиб кўришга ошиқади. Биз ҳам бу имкониятни қўлдан бой бермадик. Ҳақиқатан анорнинг мазаси оғизда қоладиган.
Ҳаракатни давом эттирарканмиз, навбатдаги табиат мўъжизаси – хориж киноларида кўрганимиздан ҳам чиройли канонлар бизни қаршилади. Бу бетакрор манзарага боқиб, ўз юртимиз, унинг гўзал табиати ҳақида деярли ҳеч нимани билмаслигимизни англадик. Кўплаб километрларга чўзилган бу қизил канонларнинг ўзи ҳар қандай сайёҳни лол қолдириши турган гап.
Алоҳида эътироф этилиши керак бўлган яна бир жиҳат, бу - Сурхондарёдаги деярли барча кўчаларнинг равонлигидир. Буни айниқса, ҳайдовчилар жуда қадрлашади. Йўллар текислиги бир қулайлик бўлса, уларнинг кенглиги яна бир қулайликдир. Хуллас, икки кун воҳада, тор ёки хизматини ўтаб, илма-тешик бўлган кўчани кўрмадик. Ҳолбуки, магистрал йўлнинг Деҳқонобод (Қашқадарё) туманидан ўтувчи қисмида бўларимиз бўлганди.
Кўчаларда одам кам
Термизга кеч тушганда кириб келдик. Меҳмонхоналар кўп, жойлашиш қийин бўлмади. Лекин Термизнинг тунги кўчаларига мослашиш бир оз қийин кечди. Сабаби, Самарқанд шаҳри кўчалари ярим тунда ҳам гавжум бўлади ва биз шунга ўрганган эканмиз. Тунги Термизни кўриш учун сайрга чиққанимизда, пиёда юрган одамлар жуда кам эди. Транспорт воситалари ҳам биздагидан каррасига кам. Бир тарафдан ноқулай бўласиз, иккинчи тарафдан ҳаловатни ҳис қиласиз. Тунги сокинлик кундуз куни ҳам кўп бузилмайди.
Маълумотларга кўра, Термиз сўзи Тармита, у эса қадимги бақтр тилидаги “тарамастха” (таро маетҳа) сўзидан олинган бўлиб, "дарёнинг нариги қирғоғидаги манзилгоҳ” маъносини англатади. Баъзи манбаларда Термизнинг тарихи милоддан аввалги даврларга боғланади. Бу қадимий манзилгоҳ ҳозир юртимизнинг энг жанубий қисмида жойлашган шаҳардир. Ва унинг тарихи доим Амударё ва дарёнинг нариги қирғоғида яшовчи халқлар билан узвий боғлиқ бўлган.
Бугун ҳам Термиз кўчаларида афғонистонлик қардошларимизни кўришингиз мумкин. Айтганимиздек, меҳмонхоналар кўп ва уларнинг доимий мижозлари орасида қўшни халқ вакиллари ҳам бор. Билишимизча, кейинги йилларда афғонистонлик тадбиркорлар Термизда ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириб, икки давлат ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда экан.
Бозорга кириш осон, чиқиш қийин
Сафаримизнинг иккинчи куни Термиз халқаро савдо марказига йўл олдик. Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги Ҳайратон кўприги яқинида қурилган савдо мажмуасига биргина паспорт ёки ID-карта ёрдамида расмий қайддан ўтиб кирасиз. Транспортда бўлсангиз, божхона кўригидан ўтказилади, бунда ҳам муаммо йўқ. Худди шундай афғонлар бу марказга визасиз, фақат паспорт билан киришади.
Бозорда икки давлат фуқаролари учун меҳмонхона, шифохона, тамаддихона ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. 120 гектар ерни эгаллаган мажмуада 500 тача дўкон борлиги айтилди. Бугунги кунда бу дўконларнинг деярли барчаси эгали, савдо эса авжида.
Биз марказга кириб борарканмиз, унда маҳаллий аҳолидан кўра афғонистонликларнинг кўп эканлиги эътиборимизни тортди. Кўпчилик савдо билан банд, яна кимлардир яшил майсазорда, қуёш нурида чордона қуриб ўтирибди, бошқалар ўриндиқларда фарзандлари билан ҳордиқ чиқаряпти. Ва асосийси, барча мулоқотга очиқ, самимий суҳбат ёки интервью беришдан ҳеч ким қочмайди.
Дўконларни айланар эканмиз, бу ерда ҳам шундай муҳитни кўрдик. Ўзбек ва афғон сотувчилари ёнма-ён, қўшни дўконларда савдо қилишмоқда. Афғон дўконларида барча сотувчилар ўзбек тилини яхши билади. Бемалол маҳсулот нархига тортишишингиз, хуллас, ўзимиздагидек жайдарича бозор қилишингиз мумкин.
- Бу бозордан дўкон очганимизга 4 ойча бўлди, - дейди Мозори Шарифдан келган Шермуҳаммад Назарий. – Иккита дўконни олганмиз, ҳар иккисида асосан афғон миллий кийимлари, гиламларини сотамиз. Уларни ўз цехимизда ишлаб чиқарамиз. Савдо кун сайин яхшиланиб боряпти.
Яна бир афғонистонлик Ҳамид исмли сотувчи ургутлик тадбиркорлар томонидан юритилаётган дўконда сотувчи бўлиб ишлашини айтди. Улар таклиф қилаётган уй-рўзғор буюмлари, электрон техникалар ҳар икки томон харидорлари учун қизиқ экан.
- Афғонистонга электрон техникалар асосан Хитой ва Покистон орқали кириб келади, - дейди у. – Ўзбекистондан жуда кам. Дўконимизга келганлар бу ерда маҳсулотлар анча арзон эканлигини айтишмоқда. Харидорлар сони ҳам шунга мос равишда ортиб боряпти. Ҳамюртларим асосан иситиш печлари ва совуткичларга қизиқиш билдиряпти.
- Беш ойдан бери шу бозорда озиқ-овқат дўконини юритяпмиз, - дейди Тошкент шаҳридан келган тадбиркор Дадахон Ўринбоев. – Асосий мақсадимиз маҳсулотларимизни афғонистонлик харидорларга таништириш. Уларнинг эҳтиёж ва таклифларини ўрганган ҳолда маҳсулот экспортини йўлга қўймоқчимиз. Марказ афғонистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳам муҳим минбар ҳисобланади.
Сотувчи ва харидорлар билан мулоқот давомида аниқ бўлдики, Афғонистонга бошқа давлатлардан экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг айримлари бозордагидан анча арзон. Шунга қарамай, улар Ўзбекистон маҳсулотларини афзал кўришмоқда. Бунинг асосий сабаби уларнинг сифатида эканлиги экан. Яъни, бизнинг маҳсулот сифатлироқ. Шунингдек, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, тухум Афғонистондагидан анча арзон. Шу боис аксар афғонистонлик харидорлар бошқа юмуш билан келса-да, қайтишда тухум олиб кетишади.
Техника масаласига келсак, афғонистонлик харидорларнинг айтишича, Афғон чегарасида унинг килограми ҳисобланар экан. Ҳар бир одамга маълум килограмм юкни ўтказишга рухсат берилади. Шу боис катта техника, жумладан, музлаткич олиш учун бир оиладан 3-4 киши келади. Бу унинг вазнини ўртада тенг бўлиш имконини беради.
Бозорни бир кунда айланиб чиқиш қийин, айниқса, биз учун афғонистонликларнинг дўконларини четлаб ўтиш қийин бўлди. Ўзингизни Афғонистонда юргандек, сайёҳдек ҳис қиласиз. Шунинг учунми, бозорни тарк этгингиз келмайди.
Афғон бозорини ким “эгаллайди”?
Энди бу бозорнинг аҳамияти ҳақида тўхталсак. Маълумки, тахминан 40 миллион аҳолига эга ва унинг қарийб 45 фоизи қишлоқ хўжалигида банд бўлган Афғонистон бугун кўплаб давлатлар учун жозибали бозор ҳисобланади. Узоқ йиллик нотинчликлардан сўнг дунёга очилиш, савдо-сотиқни ривожлантириш афғонларнинг ўзи учун ҳам муҳим, албатта. Аммо бу юртда ҳали саноат ривожланмаган, 20-30 миллиард долларлик иқтисодиётга эга катта бир мамлакат ҳозир асосан импортга боғланиб қолган. Экспортга қуритилган мева, доривор ўтлар, фойдали қазилмалар, сабзавотлар, жун, пахта ва бошқа саноқли маҳсулотлар чиқарилади, холос.
Маълумотлар кейинги йилларда мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири - Покистон билан ўзаро савдо ҳажми пасайганини кўрсатмоқда. Бу эса янги йўналиш - Ўзбекистон, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Хитой билан савдо алоқаларини кенгайтиришни тақозо этади. Хусусан, Ўзбекистон бугун Афғонистонга асосан маиший техника, озиқ-овқат (айниқса, тухум), турли саноат маҳсулотлари, ун, буғдой ва цемент етказиб бермоқда. Бу ҳамкорликда Ўзбекистоннинг экспорт улуши 90 фоиздан ошди. Яъни, импортёр Афғонистон ҳисобланади. Шунга қарамай, афғон бозори ҳали ҳам тўғри маънода “оч” дейиш мумкин. Бу бозордан муқим ўрин олиш энди авжига чиқмоқда.
Шуларни таҳлил қилсангиз, юқорида танишилган бозорнинг ҳар икки томон учун ҳам нечоғлик аҳамиятли эканлигини англайсиз. Бундай савдо йўналишларини янада кенгайтириш зарурлигини тушунасиз. Тадбирли ишбилармонларимиз бу йўналишда аллақачон ҳаракатни бошлаган. Аммо баъзилар ҳали ҳам ўйда.
Айтиш жоизки, афғон халқи дунёга очилишга ҳаракат қилар экан, коммуникация тармоқлари ҳам кенгайиб бораверади. Жараёнда ўз муқим ўрнимизга эга бўлишимиз эса нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан муҳим ҳисобланади. Буни рақобатчиларимиз яхши билишади. Шу боис ҳам Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида қурилиши керак бўлган трансафғон темир йўли лойиҳаси неча йиллардан бери дунё диққат марказида турибди. Агар бу лойиҳа амалга ошса, ўзаро савдо ҳажми ҳозиргидан юзлаб бараварга ортиши мумкин. Бу ҳам яқин келажакда янги мақоламизга мавзу бўлади, деган умиддамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Сурхондарёдаги айни бозор бугун икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар ва тижорий ҳамкорликнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Унинг атрофидаги гап-сўзлар эса фуқароларимиз, хусусан, тадбиркорларда ҳам у ҳақда нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлмоқда. Биз бозорда бўлдик ва бошқаларга ҳам уни ўз кўзлари билан кўришни тавсия қиламиз. Қолаверса, Сурхондарё ҳам сайёҳларини зериктириб қўймайди.
Анвар Мустафоқулов,
Асқар Баротов,
Самарқанд – Қашқадарё – Сурхондарё – Самарқанд