Афғонистонда толибонлар Тожикистон билан чегарадош постни эгаллаб олди
- 28.06.2021 10:38
- 276
- Хориж
Афғонистоннинг Балх вилояти Калдор тумани "Укчук" чегара пунктига толибонлар ҳужуми натижасида 17 та давлат хизматчиси Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлди, дея хабар берди Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот маркази РИА Новостига.
"Маҳаллий вақт билан соат 12:50 (Тошкент вақти билан 13:50) гача давом этган шиддатли тўқнашув натижасида 17 давлат хизматчиси ҳаёт ва шахсий таркибини сақлаб қолиш учун «Шаҳритус» чегара отрядининг 1-пости орқали Тожикистонга чекинишга мажбур бўлди", дея маълум қилди агентлик.
Тожик чегарачилари инсонпарварлик ва қўшничилик тамойилларини инобатга олган ҳолда давлат чегарасини бузган афғон ҳарбийларига ўз ҳудудларига киришга рухсат беришди.
"Чегара ҳудудида вазият кескинлигича қолмоқда, толибонлар ва Афғонистон ҳукумат кучлари ўртасида жанговар ҳаракатлар давом этмоқда", дейилади хабарда.