Африкадаги қирғин-баротда 100 дан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилган

Ғарбий Африка мамлакатидаги Бенишангуль-Гумуз минтақаси Метекел ҳудудида маҳаллий жангарилар томонидан уюштирилган қирғинда Эфиопиянинг 100 дан ортиқ тинч аҳолиси ўлдирилди. Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.

Газетада таъкидланганидек, ўқотар қурол, пичоқ, шунингдек, камон ва найзалар билан қуролланган террорчилар 23 декабрь, чоршанба куни эрта тонгда Бекожи қишлоғига ҳужум қилди. Тинч аҳолини қириш тушгача давом этди. Шунингдек, тажовузкорлар уй ва экинларни ёқиб юборишди. Жангарилар томонидан уюштирилган ҳужум ва ёнғинлар оқибатида жами 102 киши ҳалок бўлди, камида 36 киши яраланди.

Ҳудудга юборилган ҳарбийлар томонидан ҳужумда қатнашган 42 жангари йўқ қилинди. Ҳужум ортида ким тургани ҳақида ҳали аниқ маълумот йўқ. Аммо қирғинни ташкиллаштиришда гумон қилинган бешта амалдор ҳибсга олинган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган. Жон сақлаб қолган баъзи қишлоқ аҳолиси ҳужумчиларни шахсан билишини айтган.

Daily Mail хабарига кўра, ушбу минтақада вақти-вақти билан ўзаро низолашиб турувчи бир нечта этник гуруҳ вакиллари яшайди. Шу билан бирга, Метекел ҳудудида золимликларни амалга оширган жангарилар қўшни Суданда ўқитилиб, шу ҳудудда яшириниши ҳақида маълумотлар ҳам мавжуд.

Ноябрь ойи бошида Бенишангул-Гумузда қуролли жангарилар автобусга ҳужум қилишган эди. Ўшанда ҳужум оқибатида камида 34 киши ҳалок бўлди. Бунгача шимолий Тиграй минтақасидаги Май-Кадра шаҳрида оммавий қирғин-барот содир этилиши туфайли бир неча юз киши қурбон бўлган эди. Бироқ Бенишангул-Гумуз ва Тиграйдаги воқеалар бир-бири билан боғлиқ эмаслиги маълум қилинган.