Аграр университет Самарқанд филиали замонавий таълим муассасаси бўлади

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Тошкент давлат аграр университетининг Самарқандда ташкил этилаётган филиали биносини кўздан кечириб, таълим муассасаси тўлақонли фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалаларни мутасаддилар иштирокида муҳокама қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 августдаги “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида университетнинг Самарқанд филиалини ташкил этиш белгиланган эди. Жорий йил 16 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси “Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш, юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида ташкил этилаётган университет филиалига Оқдарё туманидаги собиқ Самарқанд агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи бинолари оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилди.

Э.Турдимов биноларни филиал фаолияти йўналишлари ҳамда замон талабларидан келиб чиқиб таъмирлаш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.

– Филиалда қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш режлаштирилган, – деди Э.Турдимов. – Шунингдек, бу ерда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар ҳудудий маркази ҳам ташкил этилади. Биноларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш, янги иншоотлар қуришда бу масалалар эътиборга олиниши керак. Филиални узлуксиз ва юқори кучланишли электр энергияси билан таъминлаш учун қўшимча линия олиб келинади. Сув таъминоти ва оқова сув тизимни ташкил этиш борасида ҳам янгича ёнашув талаб этилади.

Муҳокама давомида вилоят ҳокими филиал профессор-ўқитувчилари ва талабаларга қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, Самарқанд шаҳрининг марказий ҳудудларидан қўшимча йўналишлар ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.