ТДАУ Самарқанд филиали магистрлари Германияда амалиёт ўтайди
Бугун Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали Германиянинг “JD East” фирмаси билан шартнома имзолади. Унга кўра, филиал магистрлари ёзда 3 ойлик амалиётни Германияда ўтайди.
- Фирмамиз 2016 йилда ташкил топган, ҳозирда ўнта давлат билан ҳамкорликда иш олиб боради, - деди “JD East” фирмаси раҳбари Жанибек Жанибеков. – Биз қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қиламиз, яъни талабаларнинг амалиётини Германия давлатида ўташини ташкиллаштирамиз.
- Талабаларимни хорижда малака оширишини истайман, - деди филиал директори Шавкат Ҳасанов. – Сабаби, ривожланган давлатлар қишлоқ хўжалиги биздагидан тубдан фарқ қилади. Деярли барча бошқарув техника билан амалга оширилади. Бизда ҳам қишлоқ хўжалиги тараққий этиши, соҳага етук мутахассислар келиши учун бу йил 70-80 фоиз магистрлар Германияда амалиёт ўтайди. Кейинги йилдан бакалаврларнинг ҳам амалиётини хорижда ўташни ташкил қиламиз.
Уч ойлик амалиёт давомида филиал магистрлари германиялик фермерларнинг ишини ўрганади ва келишилган миқдорда иш ҳақи ҳам олади.
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.