Аҳмаджон Мелибоевдан навбатдаги мастер-класс ёки Ҳусайн Бойқароми, султон Ҳусайнми?
Амир Темур турк султони Боязид "Агар жанг қилмасак хотинларимиз талоқ" деган мактуби туфайли Йилдиримни таслим қилгани ҳануз бошқача талқин этилмоқда.
Устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев Навоий вилоятида бўлиб ўтаётган медиафорум доирасида тадбир иштирокчиларига далиллар билан ишлаш борасида катта илм улашди. Хусусан, тарих дарсликларида икки турк ҳукмдорининг маҳорабаси сабаблари ҳануз хато талқин этилаётганини билдирди. Ваҳоланки, бу борада Боязиднинг Амир Темурга мактуби ва Соҳибқироннинг Йилдиримга жавоби сақланиб қолган. Буюк бобокалонимиз "Жангни хоҳладинг, истаганинг бўлади", деган.
Умуман, Аҳмаджон Мелибоев публицистиканинг бугун йўқолиб бораётган мактубот шакли ҳақида куюнчаклик билан тўхталиб, жанрнинг кўпчилик учун қизиқ бўлган, айни дамда эса фактларни аниқлаштиришдаги ўрни ҳақида қимматли маълумотлар берди.
А.Мелибоевнинг таъкидлашича, тарихда Ҳусайн Бойқаро бўлмаган. Султоннинг исми Ҳусайн бўлган, тамом. Алишер Навоийнинг Астрободга юборилиши ҳам вазирлар фитнаси ёки ҳукмдорнинг буюк шоирни сургун қилиши сифатида нотўғри ёритиляпти. Бу воқелик бўйича султон Ҳусайннинг оқ қуюнлилар сардорига юборган мактуби бор. Унда султон Астрободдаги ҳолат туфайли ҳалол, айни дамда дипломат, ақлли бошқарувчи сифатларига эга Алишердан бошқа номзод тополмаганини қайд этган. Шу боис, юрагини юлиб бўлса-да, дўстини Астрободга юборишга мажбур бўлганини битиб қолдирган.
Медиафорум иштирокчиларининг саволларига жавоб бераркан А.Мелибоев обуна масаласи, хусусан, босма нашрларни давлат бюджети маблағлари орқали қўллаб-қувватлаш ҳақида ўз фикрини билдирди.
Таъкидланишича, бу амалиёт ривожланган давлатларда кенг қўлланилади. Фақат тўғридан-тўғри эмас, турли фондлар ва жамғармалар орқали амалга оширилади.
Мастер-класс давомида газеталарга давлат томонидан молиявий ёрдам кўрсатилиши фикри маъқулланди.