Самарқандда аҳоли пунктларининг бош режаси ишлаб чиқилмоқда
2020 йилда Самарқанд вилоятида 8 та шаҳар ва шаҳарчанинг бош режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда вилоят бош архитектори Ҳаёт Мирзаев вилоятда қурилиш ва ободонлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги брифингда маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 июлдаги “2020-2022 йилларда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қишлоқ (овул) аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини ҳамда ёндош маҳаллаларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиган. Қарор асосида Қўшработ, Пайшанба шаҳарлари, Ургут туманининг Муродқишлоқ, Оқмачит, Ғиштмачит ва Чоштепа, Нуробод туманининг Сазағон, Улус маҳаллаларининг бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Дастурга мувофиқ, 2021 йилда вилоят бўйича 12 та аҳоли пунктининг бош режаси ишлаб чиқилади. Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори асосида Тойлоқ ва Митан шаҳарчалари ҳамда 10 та (Тойлоқ туманида Боғизоғон, Олмазор, Қўшчинор ва Таллиота, Нарпай туманида Гулистон, Дедон, Чархин ва Хўжақўрғон, Жомбой туманида Ғазира ва Сўхмон маҳаллалари) бош режа ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқиш ишлари бошланган.
Бундан ташқари, вилоят бўйича бош режанинг амал қилиш муддати яқинлашган 3 та шаҳар, бош режа лойиҳаси билан таъминланмаган 40 та шаҳар посёлкаларининг бош режа лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. 51 та маҳалла аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳамда қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларини 2023-2027 йилларда ишлаб чиқиш бўйича дастлабки таклифлари шакллантирилиб, Қурилиш вазирлигига тақдим этилган.
Туман ва шаҳарлар марказларини ободонлаштириш бўйича 47 та марказий кўчалар танлаб олиниб, дастлабки манзилли рўйхати шакллантирилган. Мазкур кўчаларни ободонлаштириш ва “Саломатлик йўлаклари” ташкил этиш мақсадида 71,2 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари, 52,1 километр кўчани таъмирлаш (йўл элементлари), 560 дона тунги ёритиш қурилмалари, 76 километр суғориш тизими ҳамда 292 та чиқинди ташлаш қутилари ўрнатиш бўйича дастлабки таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Бунда йўлаклар атрофида ҳар хил турдаги соғломлаштириш майдонлари “Workout”, “Стритбол”, шунингдек, бадминтон ва мини-футбол спорт майдончалари жойлаштириш назарда тутилган.