Air Astana Тошкентдан Олмаотага учаётганда турбулентлик туфайли жабрланган йўловчилар ҳақида маълум қилди

Қозоғистоннинг Air Astana авиакомпаниясининг Тошкентдан Олмаотага учаётган самолёти душанба куни кучли турбулентлик зонасига тушгани маълум бўлди.

Самолётда бортида 134 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган. Етти нафар йўловчи зарба ва куйишдан тан жароҳатлари олган, дейилади авиаташувчи матбуот хизмати пресс-релизида.

Ўзбекистонлик икки нафар аёл Олмаота шаҳридаги 4-шифохонага жойлаштирилган. Кўрик натижасида аёлларда чап билак ва қўл жароҳати, юмшоқ тўқималар эзилиши ва бўйин умуртқа поғонаси шикастланиши ташхиси қўйилган. Текширувдан сўнг жабрланганларга амбулатор даволаш тавсия этилган, дейилади kz.Kursiv сайтида.

"Лайнер Олмаотага 16:45 да қўнди. "Парвоз экипажи йўловчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатди. Учувчилар воқеа ҳақида аэропорт хизматларига хабар беришди. Аэропортда тез ёрдам машиналари йўловчиларни кутмоқда", дейилади пресс-релизда.

Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги баёнотида "Куйиш ва тан жароҳати олган тўрт нафар йўловчи касалхонага ётқизишдан бош тортгани, уларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилгани, Ўзбекистон фуқароси умуртқа поғонасининг ёпиқ синиши шубҳаси билан тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан шифохонага ётқизилгани маълум қилинган.

Авиакомпания содир бўлган воқеадан афсус билдириб, рейс йўловчиларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши, воқеа ваколатли органлар томонидан текширилишини таъкидлади.

Қозоғистон авиакомпанияларидан бирининг учувчиси kz.Kursiv нашрига маълум қилишича, Осиё минтақаси осмонида турбулентлик ғайриоддий ҳол эмас. Шунинг учун, турбулентлик зонасига яқинлашганда, экипаж доимо йўловчилардан хавфсизлик камарларини боғлашлари ва ўз жойларида қолишларини сўрайди. Кўпинча қоидаларга эътибор бермаган ва хавфсизлик камарини тақмаган, йиғма столни ёпмаган ёки салонда ҳаракатланадиган йўловчилар жароҳат олиши табиий.

Баъзан самолёт кутилмаганда "мусаффо осмонда" дейилувчи турбулентлик ҳудудига киради ва экипаж "хавфсизлик камарларини маҳкамланг" дисплейини ёқишга улгурмайди. Айтиш жоизки, турбулентлик туфайли бирорта ҳам самолёт вайрон бўлмаган дея таъкидлайди kz.Kursiv.