Ажал чангалидан омон қолганлар
Яқинда Магнитогорск (Россия)да қулаб тушган уйнинг кириш-чиқиш йўлаги вайронаси остидан 11 ойлик гўдак Ваня Фокиннинг қутқариб олиниши чинакам мўъжиза бўлди, деб ёзади "Мир новостей" (2019 й. 11-сон) ҳафтаномасида Дмитрий Соколов. Февралда кичкинтой касалхонадан уйига қайтди. Шуни таъкидлаш керакки, бундай мўъжизалар кам эмас. "Қирқ йил қирон бўлса, ажали етган ўлади", деганларидек ажал етмаса ҳар қандай фалокатда ҳам инсон тирик қолар экан.
ТИРИК ҚОЛГАН СТЮАРДЕССА
1972 йил 26 январда Стокгольм-Белград рейсида авиаҳалокат рўй берди. 10 минг метр баландликда учаётган самолёт террорист бомбасидан портлаб кетди. Газеталар чуқур қайғу билан экипаж аъзолари ва барча йўловчилар ҳалок бўлганини хабар қилдилар. Аммо ажал чангалидан 22 ёшли стюардесса Весна Вулович омон қолганди. У самолёт бўлаги билан бирга Чехиянинг Ческа-Каменице шаҳарчаси четига қулаб тушганди. Унинг бахтига самолёт қор босган дарахтзор устига қулаган. Аммо маҳаллий ўткинчи ҳушсиз ётган қизни жасадлар ичидан қут¬қариб олмаганида у совуқдан музлаб ўлиши аниқ эди. Весна Вулович тўққиз ой тўшакда ётди. Врачлар унинг оёққа туриб кетишига ишонишмаганди. Вақт ўтиши билан стюардесса нафақат оёққа турди, балки яна ўз ишига қайтишга уринди. Бироқ уни стюардессаликка олишмади, ўзи ишлаган авиакомпания¬да бошқа иш беришди. У бир неча ўн йил соғ-саломат ишлади.
ИХТИЁРСИЗ РОБИНЗОНЛАР
Ақл бовар қилмас бу ҳодиса 1960 йил Жанубий Курил оролларидан бири - Итурупдан сал нарида содир бўлди. Шундай даҳшатли довул кўтарилдики, қирғоқда танкларни ташишга мўлжалланган баржа (кема) боғланган трос узилиб, баржани денгизга суриб кетди. Агар унда тўрт аскар: Филипп Поп¬лавский, Иван Федатов, Анатолий Крючковский ва Асхат Зиганшин бўлишмаганда унчалик фожиа эмасди. 20-21 ёшдаги бу совет аскарлари совуқ, очлик, иложсизликдан Тинч океанида 49 кун сузиб юрдилар. Бахтга қарши улар сузиб юрган зонада Америка ҳарбийлари ўқув машқлари ўтказишаётганди. Ўткинчи кемадан умид сўнганди. Аскарлар бутунлай ҳолдан тойиб тирик қолишларига умид қолмаганда, кутилмаганда АҚШ ҳарбий вертолёти уларни кўриб қолади ва қутқаради. Совет аскарлари замбилда авианосецга олиб келинади ва АҚШга жўнатилади. Жасур аскарлар соғайишгач, Америкада қолиш таклиф этилади, аммо улар Совет Иттифоқига қайтишади. Робинзонлар қаҳрамонлар сифатида кутиб олинади.
МУЗЛИК ҚУРШОВИДА
Таниқли қутбчи Дуглас Моусон ХХ аср бошида Антарктидага илмий экспедицияга жўнайди. "Аврора" буғ яхтаси 1912 йил 6 январда олтинчи қитъа қирғоғига келиб тўхтайди. Қирғоққа тушгач, Моусон Антарктида қирғоқбўйларини картага туширишни режалаштиради. Ҳар бири уч қутбчадан иборат олтита отряд тузилади. Улардан бирига Моусоннинг ўзи бошчилик қилади. Моусон икки шериги билан 781 кг. егулик захираси билан 16 ит қўшилган уч чанада йўлга тушишади. Биринчи бахт¬сизлик саёҳатнинг 19 кунида рўй беради. Тадқиқотчилар йўлида дарз кетган чуқур ёриқ пайдо бўлади. Моусоннинг шерикларидан бири Нинис юкларнинг катта қисми билан 50 метр баландликдан жарга қулаб тушади. Унинг жасади топилмайди. Кўп ўтмай Моусон иккинчи шеригидан ҳам айрилади. У ёлғиз қолган бўлса-да, руҳан тушкунликка тушмайди. Қор ва музликда яна 150 км. йўл босса жўнаб кетадиган кемага улгуриши мумкин эди. Аммо табиат унга қарши турди. Қутбчилар қароргоҳига етишига бир неча кун қолганда чуқур ёриққа қулади, туби кўринмас муз жарликда арқонда осилиб қолди. Минг азобда юқорига тирмашиб чиқиб олишга муваффақ бўлди. Бироқ кемага улгурмади. 29 январда Моусон сўнгги озуқаси ҳам тугаганда, бошқа экспедициядаги дўстлари қолдирган қароргоҳга дуч келди. Бахтига улар озиқ-овқат ва харита қолдиришган экан. Ўша харитага қараб Моусон бухтага етиб келди. Афсуски, "Аврора" аллақачон сузиб кетганди. Навбатдаги кемани ўлим исканжаси азобида тўққиз ой кутишга тўғри келди. Ажал чангалидан омон қолган сайёҳ Ватанига чинакам қаҳрамон сифатида қайтди.
ХАЛОСКОР КЎРШАПАЛАКЛАР
Спеолог-ғоршунос Жорж Ду Присни 1983 йилда навбатдаги чуқур ғорлардан бирига тушаётганда сирпаниб кетиб, шиддат билан оқаётган ерости дар¬ёсига қулайди. Сув гирдоби уни комига тортиб, кенг ерости саҳнига чиқариб ташлайди. Улкан еростидан чиқиш учун бир нечта туйнуклар бўлса-да, тик девордан юқорига сирғалиб чиқиш амримаҳол эди. Аммо Жорж тушкунликка тушмади. У ўзининг жигарранг свитерининг ипини ситиб, калава ипга айлантирди. Сўнгра икки ҳафта давомида ҳар куни ипни ғордан ташқарига учиб чиқиб келаётган кўршапалаклар оёғига боғлаб турди. Буни қарангки, шаҳар чеккасида яшовчи аҳоли кўршапалаклар панжасидаги ғалати ипни кўриб қолишиб, ғорда бирор фалокат содир бўлганини сезишади ва Жоржни қутқариб олишди. У 13 кун ғор тубида жаҳаннам бўсағасида турган эди.
Т.ШОМУРОДОВ таржимаси.