"Ака-ука"лар судлашди ёки сиз-у бизнинг пулимизни қандай туя қилишаётгани хусусида янги ҳикоя

Самарқанд шаҳар газетаси телеграм каналида қайд этилишича, вилоят Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси ҳамда "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси судлашган.

Нима бўлибди, дейишга шошилманг. Чунки бошқалар қатори сиз-у бизнинг пулимизни ҳам беҳуда совуришаётгани аламли.

Аслида бир вазирликка бўйсунувчи бу икки ўзаро олди-бердида муносабатлари судгача етиб боргани ачинарли. Хабарда айтилишича, "Тоза ҳудуд" ДУК вилоят чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси саккиз юз миллион сўмнинг нари-берисидаги маблағни вақтида тўлаб бермаган. Оқибатда суд кечиктирилган бу тўловга 100 миллион сўмдан кўпроқ пеня ҳам қўшиб бериш ҳақида қарор чиқарган.

Албатта, ўша қўшимча тўланаётган 100 миллион сўм ўтган йилги ҳисоб-китобларни вақтида қилмаган раҳбарнинг чўнтагидан кетмайди. "Тоза ҳудуд" ДУК ҳисоб рақамидан тўланади, табиийки, истеъмолчи амалга оширган тўлов беҳуда сарфланади. Ваҳоланки, шу пулга янги техника харид қилиш мумкин эди ёки хизматчиларга яхшигина қўшимча ҳақ берса бўларди. (Йўқ, бу ҳақда ўйлаган раҳбарни совуқ тер босади - хизматчига белгиланганидан кўпроқ пул бериш...)

Борини тўғри сарфламаётган тизимдагилар тарифларни ошириш ҳақида жон куйдираётгани эса янада аламли.