Акциядорлик жамиятлари ҳисоботни нега эълон қилмаяпти?
2014 йил 6 майдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, акциядорлик жамиятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда ўзи тўғрисидаги ахборотни ошкор қилишни амалга ошириши шарт.
Қимматли қоғозлар бозори ҳамда қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари акциядорлик жамиятларининг биринчи чорак, биринчи яримйиллик ва тўққиз ой якунларига доир ҳисоботини ҳисобот ойидан кейинги бир ой ичида Корпоратив ахборот ягона портали расмий веб-сайти - www.openinfo.uz га жойлаштириш орқали ошкор қилишга мажбурлиги белгиланган.
Вилоятда 27 та акциядорлик жамияти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, www.openinfo.uz орқали “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда 2020 йил
биринчи чорак ҳисоботларини 7 та акциядорлик жамияти кечиктириб ошкор қилган. Хусусан, "Jomboy don mahsulotlari", "Zirabuloq paxta tozalash", "Juma paxta tozalash", "Yangiqo‘rg‘on paxta tozalash", "Chelak paxta tozalash", "O‘zqishloqelektroqurilish", "Sino" ҳамда биринчи яримйиллик ҳисоботларини "Oqtosh don", "Zirabuloq paxta tozalash", "Yangiqo'rg`on paxta tozalash" акциядорлик жамиятлари ҳисоботларни кечиктирган.
Мазкур ҳисоботларни www.openinfo.uz корпоратив веб-сайтида жойлаштириш орқали ошкор қилмаслик ёки кечиктириб ошкор қилиниши жамият бошқаруви томонидан инвесторлар ҳамда акциядорларга ўз вақтида ахборотларни ошкор қилмаган ҳолда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига шароит яратилган, деб ҳисобланади.
Норбой ЖЎЛМАТОВ,
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.