Акушерлик ва гинекология марказининг мансабдорлари 15 миллиарддан ортиқ маблағларни талон-торож қилгани аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказидаги кирдикорлар фош этилгани ҳақида хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган терговга қадар текширувда, марказнинг мансабдор ва моддий жавобгар шахслари, “Давр банк”нинг Юнусобод филиали, “Ипак йўли” банкининг Мирзо Улуғбек филиали ходимлари ҳамда “T.S”, “S.F” МЧЖлари мансабдор шахслари, “X.U” ва “S.P.” хусусий корхоналари раҳбарлари ноқонуний даромад орттириш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, 2018 ва жорий йилнинг ўтган даврида марказнинг жами 15,3 миллиард сўм пул маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланди.
Ҳозирда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.