Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Альберт Эйнштейннинг иқтибослари

1922 йилда Эйнштейн Токиода маъруза ўқирди. Кечқурун бир киши унинг меҳмонхонадаги хонасига телеграмма олиб келди. Унга миннатдорчилик билдириш истагида бўлган олим қоғозда бир неча сўзларни ёзди ва “Қачонлардир бу варақа бирор бир қийматга эга бўлади”, деб чойчақа сифатида унга узатди.

2017 йилда хабарчи ўз жиянига васият қилиб қолдирган ушбу варақа ким ошди савдосида бир ярим миллион АҚШ долларига сотилди.

Унда шундай ёзилган эди:

“Шон-шуҳрат орқасидан қувишдан кўра, камтарин кечирилган ҳаёт бахт ва осойишталикни келтиради”.

Буюк олим дунёдан кўз юмганига 65 йилдан ортиқ вақт ўтди. Иқтидорли физик ҳаётнинг барча масалаларида ҳам жуда сезгир эди. У ҳатто бугунги кунда муҳим саналадиган ва кўп асрлардан кейин ҳам долзарблигини йўқотмайдиган кўплаб ёрқин иқтибосларини қолдирган.

“Бахтли инсон келажак ҳақида кўп қайғурмайди, негаки у бугунги кунидан мамнун”.

Кулгили жиҳати Эйнштейн бу фикрини биринчи марта мактабдаги иншода ёзган. Бироқ олим ҳақ эди. Эҳтиёж бизни олдинга силжитади ва бу ҳар доим ҳам моддий эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Бошқалар учун фойдали бўлиш истаги ҳам кучли кишиларнинг орзуси. Бу интилишлар инсонни ривожлантириб боради.

“Бир марта ўз чегараларини кенгайтирган идрок аввалги соҳилларига қайтмайди”.

Ҳақиқатан ҳам бу инсон идрокининг қизиқарли бир жиҳати. Интеллектуал даражанинг паст поғонасига тушиш жуда қийин.

Молиявий жиҳатдан осон бўлиши мумкин, масалан, ишингиздан айрилдингиз, турмуш даражангиз тушиб кетди – бунга кўникиш мумкин. Бироқ, ақл-идрок билан бундай иш тутиб бўлмайди. Сиз ҳамма нарсага талабингизни юқорилата бошлайсиз.

“Ҳаёт - велосипед ҳайдашга ўхшайди. Мувозанатни сақлаш учун сиз доим ҳаракатда бўлишингиз керак”.

Жуда содда ва оқилона. Ҳаёт ҳақиқатан ҳам шундай тузилганки, сиз бир жойда тура олмайсиз. Агар шундай бўлгудай бўлса, ҳаётдан ва янги билимлардан орқада қоласиз, ёки бошқалар сизни қувиб ўтади. 

“Одамларга бирор бир кўникмани ўргатишнинг оқилона усули – бу уларга намуна бўла олишдир”.

Бутун дунёдаги барча ўқитувчилар ҳам шу тўғрида такрорлайди. Ҳозирда гарчи баъзи ота-оналарнинг ўзлари бирор бир мартабага эришмаган бўлса-да, фарзандларини турли хил курслар, тўгарак ва тренингларга жойлаштириб қўйиш русумга айланиб қолган. Бола эса ҳамон уларга қарайди ва айнан шу моделлардан нусха кўчириши аниқ. Унга кўп сонли тўгараклар ёрдам бермайди.

Энг қийини  намуна бўла олмоқ. Чунки хатоларни тан олиш керак бўлади-да. Жавобгарликни эса кўп сонли ўқитувчиларга тўнкариш осон.

 “Саранжомлик ахмоққа керак, даҳо тартибсизликда бошқаради”.

Саранжомлик – бу маълум нарсаларни олиб, уларни ўзингиз тушунадиган тузилмаларга жойлаштиришдир. Агар сиз бирор бир нарсани кашф қилмоқчи бўлсангиз, бир тартибда турган буюм сизга қандай ёрдам бериши мумкин? Айнан шу сабабли олимлар тартибсизлик муҳитида ишлашга қодир. Буюк генераллар жараённи тартибга солиб, ҳар бир аскарни бошқариши даргумон бўлишини била туриб, қўшинларини жанг тартибсизларида бошқарган.

«Ютишни истасангиз, аввало ўйнанг»

Афсуски, кўпчилик бу оддийгина кўринадиган фикрнинг тагига етиб бормайди. Қанча истеъдодли одамлар ўзини синаб кўрмаганлиги туфайли ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган. Қанча ёзилган китоблар стол тагида қолиб кетган…

Шунинг учун – шунчаки ўтирманг, ҳаракат қилиб кўринг. Ўз потенциалингизни максимал даражада амалга оширишингизни чин дилдан тилаб қоламиз.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.