Алимент пули тўламаган отанинг “Lassetti”си сотувга қўйилди

Фуқаролик ишлари бўйича Тайлоқ туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор Н.Ғ.дан ундирувчи З.М.нинг фойдасига вояга етмаган уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун қарздордан ҳар ойда алимент ундириш белгиланган.

Қарздор Н.Ғ.нинг номида пул маблағлари, валюта ҳисоб-рақамлари ва қимматли қоғозлари ҳамда автомототраспорт воситалари  бор йўқлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 87-моддасига асосан тегишли тартибда мутассадди ташкилотларга сўров хатлари юборилган. Сўровлар натижасида қарздор Н.Ғ.нинг номида 2009 йилда ишлаб чиқарилган “Lassetti” русумли автомашина борлиги аниқланган.

Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочисининг қарорига асосан қарздор Н.Ғ.нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Давлат ижрочилари томонидан қарздор Н.Ғ.нинг номида бўлган “Lassetti” русумли автомашина хатланиб, жарима майдончасига сақлаш учун топширилган.

Шундан автомашинани баҳолаш мақсадида мутахассис тайинланган ва “Elektron Baholash” масъулияти чекланган жамияти томонидан 56 миллион 857 минг сўмга баҳоланиб,  “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига сотувга чиқарилган. Ҳозирги кунда қарздорнинг алиментдан бўлган қарздорлиги жами 37 миллион 920 минг сўмни ташкил қилган.

Сотувдан тушган пул маблағларидан ундирувчи З.М.нинг пластик картасига 37 миллион 920 минг сўм алимент пуллари ўтказиб берилди, деб хабар бермоқда Мажбурий ижро бюроси Тайлоқ туман бўлими.