Амир Темур мақбарасининг ўймакор эшиги ва пештоқидаги ёзувли лавҳа Россияда сақланмоқда
Амир Темур мақбараси мудири Хушнуд Абдуллаевнинг маълум қилишича, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги Давлат Эрмитажи коллекциясида сақланаётган Амир Темур мақбарасининг мозаик панели ва ўймакор эшиги Темурийлар даври санъатининг ажойиб ёдгорликларидан бири саналади.
1868 йил Чор Россияси Самарқандни истило қилгунича улуғвор Амир Темур мақбараси яхши ҳолатда эди. Айрим рус олимлари мақбарани ҳар томонлама ўрганишга киришди. Айнан шу даврда мақбаранинг бошига қора кунлар ёғилди. 1895 йилда Н.Веселовский бошчилигидаги экспедиция маҳаллий маъмурлар билан келишиб, Темурийлар хилхонасининг нафис безакли, нақшинкор эшигини (1-расм) Санкт-Петербургга олиб кетишди.
Эшикнинг тепа қисмида “Бу фоний дунё ёлғон дунёдир, ҳар бир жонимиз ва нарсамиз омонатдир. Ҳақиқий дунё - у дунёдадир” каби сўзлар ёзилганди. Эшикнинг баландлиги 2,5 метр, кенглиги 62 сантиметр, қалинлиги 7 сантиметр бўлган.
1905 йилда хилхона пештоқидаги нафис ёзувли лавҳа (2-расм) ҳам ўғирланган ва 1906 йилда Константинополда сотилган. Уни Берлиндаги “Фридрих музейи”нинг директори Т.Бодо 10 минг франкка харид қилади. Элчилик ёзишмаларидан сўнг лавҳа Россияга қайтарилган.
Ҳозирда мазкур лавҳа ҳам Россия Давлат Эрмитажида сақланмоқда.
Лавҳада: “Жаҳонгир Амир Темур Кўрагоннинг қабри, Худо уни раҳмат қилсин ва абадий жаннатга мушарраф этсин!” деган ёзув битилган.