«Андижони»да суюлтирилган газ тўлдирилган баллон 28 минг сўм. Аслида унинг нархи қанча?

Бугун, 24 июнь куни Zarnews.uz сайтига Самарқанд тумани Андижони маҳалласида истиқомат қилувчи Зоиржон Ҳамидов қўнғироқ қилди. Унинг айтишича, Самарқанд тумани газ таъминоти идорасидан келтирилган маиший газ баллонлари Андижони маҳалла фуқаролар йиғини раиси бошчилигида 22 400 сўм эмас, балки 28 минг сўмдан сотиляпти.

“Нима учун газ баллонларини қиммат нархда сотаяпсиз, десам маҳалла раиси туман газ идорасидагилар «25 000 сўмдан сотинг», деб тайинлаган. Қолган 3 минги эса маҳалла учун сарфланади”, деган жавобни олдим.

Ҳозир айни карантин вақти ҳар бир сўм ҳисобда бўлса, қишлоғимиз ёшларининг кўпчилиги ишсиз, пул топиш муаммо. Ахир 22 400 сўмлик суюлтирилган газ билан тўлдирилган баллон 28 мингдан сотилиши инсофсизлик эмасми? Газчилар нима учун кўчама-кўча юриб, аҳолига тарқатишмайди? Маҳалла раиси ўзича нарх белгилаб сотишни эмас, балки унинг белгиланган нархларидан ошиб кетмаслигини назорат қилувчи масъул эмасми?”.

Бу масалага мутасадди идоралар раҳбарлари нима дейди?