Анғиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Азим Суюн ҳаёт бўлганида бугун 77 ёшни қарши оларди.

Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Пайариқ тумани Накурт қишлоғида туғилган.

Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.

Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувида масъул котиб, «Халқ сўзи» газетасида бўлим муҳаррири, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Ўзбекистана» газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

Унинг ижоди ўтган асрнинг 60-йиллари охири ва 70-йиллар бошида бошланган. «Менинг осмоним» (1978) номли биринчи шеърлар тўплами билан китобхонларга танилган.

Шундан кейин шоирнинг «Зарб», «Замин тақдири», «Хаёлот», «Зиё кўли», «Жавзо», «Олис тонглар», «Куйганим-суйганим», “Эй дўст” каби шоирнинг ўнга яқин шеърий тўпламлари ва бир қатор достонлари чоп этилган. Бу асарлар бугун шеърият ихлосмандларининг севимли китобларига айланган.

Айниқса, унинг «Сарбадорлар» фожиаси, «Ўзбекистон», «Бир томчи сув денгизга айланган кеча ёки Иморат» каби достонлари машҳур.

Шоир  1991 йилда «Ўзбекистон» достони ва бир туркум шеърлари учун Абдулҳамид Чўлпон номидаги биринчи халқаро мукофотга сазовор бўлган.

Азим Суюн Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони соҳиби. Жаҳон шоирлари Конгресси аъзоси, эл таниган, суйган зиёли эди.

Таниқли шоир 2020 йил 9 март куни оламдан ўтди.
***

БАЛЛАДА

Туннинг қора сукунатин,
Бундай бевақт бузган ким?
Эшик қолиб даричадан
Кириб кетди аллаким.

Том устида ётган бола
Қўрқиб-писиб қарайди.
Лекин товуш беришга на,
На туришга ярайди.

Эҳ, онаси бўлса эди,
(Қазо қилди ўтган йил)
Секингина шивирларди:
— Биров келди она, бил…

Ичкарида ғивир-ғивир,
Ичкарида бир ҳолат.
Нима бўлди янгасига,
Унда етти ёт наҳот?!

Ишонмайди, мумкин эмас,
Ишонмайди ўт-сувга.
Унинг учун оламда, бас,
Ишонгани шу янга.

Ичкарида… шивир-шивир,
Ичкарида зил-зиллат.
Наҳот ойдек янгажони…
Наҳот унда етти ёт?!

Эҳ, акаси бўлса эди,
Ўша ёлғиз акаси.
Афсус, жуда узоқда у,
Қирмоқда ёв галасин!

Юборибди кеча бир хат,
Янгасининг номига:
«…Сен укамни ташламагин,
Ғирт етимлик домига.

Ў, соғиндим, кутгил мени
Тоғлар каби сабот-ла.
Ғалабага яқин қолди,
Мен қайтаман, албатта!»

…Соя каби липиллаган,
Ғивир-шивир қилган ким?
Эшик қолиб даричадан,
Чиқди, ана, аллаким.

Йўқ, бўлмади бола эрдай
Сакраб турди ўрнидан
Ва отилди у йўлбарсдай
Барзанги бир гавдага!..

Қора туннинг ифлос сирин
Бола элга билдирар.
…Мард йигитни жанглар эмас,
Бевафо ёр ўлдирар!

1978

АНҒИЗ ЎСГАН ЕРЛАРДА
«Қадимги Нурато қўшиқлари» туркумидан

Анғиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмагай.
Қайси юртда чинакам ботир бўлса йигитлар,
Ўшал юртнинг эллари ёвларга қул бўлмагай.

От минмаган от минса, чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса, пайҳон қилар, сўлдирар.
Ҳушёр бўлгил, жон элим, элдай сақла элингни,
Ёвларингга йўл берсанг, поймонангни тўлдирар.

Бош кесилса, ёронлар, сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.
Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билганларнинг бахти асло бутунмас!

Арғумоғларга мининг,
Ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг
ўз Ватани бор бўлсин!

БАҲОДИРНИНГ ҚИЛИЧИ

Баҳодирнинг қиличи синди…
Сўнгги нуқта.
Тугади эртак.

Пастак ҳовли четида дилхун
Бир бола йиғлайди —
қўлида китоб.
Баҳодирнинг қиличи синди,
Баҳодирнинг қиличи синди.
Ёвники бутун!

Қайга кетди япроқдек бола,
Бўта каби қайда бўзлайди?
Учиб юрган варақлар, ана,
Шамолларга эртак сўзлайди.
Бола қани?.. Билмайман, аммо,
Ишонаман, қайлардадир у
Баҳодирга қилич излайди..

1978