Аномал қурғоқчилик кўлларни қақраган текисликка айлантирди

Мексикада ғайритабиий қурғоқчилик туфайли йирик чучук сувли кўл ва сув омборлари қуриб бормоқда. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Қуруқ об-ҳаво мамлакатнинг 85 фоизини қамраб олди. Жазирама туфайли нафақат табиий сув ҳавзалари, балки пойтахт Мехико шаҳрини таъминловчи стратегик сув омборлари ҳам саёз тортди. Шаҳар мэри Клаудия Шейнбаум бу сўнгги 30 йилдаги энг кучли қурғоқчилик эканлигини айтди.

Ҳозир Мехико шаҳрида 9 миллион киши истиқомат қилади. Шаҳарга ички қудуқ ва учта йирик сув омборларидан сув етказиб берилади, аммо аномал иссиқ туфайли уларда ҳам сув сатҳи тобора пасаймоқда. Шейнбаум одамларнинг ўзлари вазиятни янада ёмонлаштираётганини таъкидлади: қурғоқчилик туфайли улар боғ ва майсазорларни фаол равишда суғормоқда, бу эса сув таъминотини янада тақчиллаштиради.

Пойтахтнинг ғарбий қисми - Мичоакан штатида мексикаликлар мамлакатдаги иккинчи катта кўл - Куицеодан бутунлай айрилиш хавфи остида. Маҳаллий университет биологи Алберто Гомес-Таглнинг айтишича, сув омбори аллақачон 75 фоизга қуриган ва бир қанча ноёб балиқ турлари йўқ бўлган. "2019, 2020 ва 2021 йилларнинг ўтган қисми одатдагидан кўра қуруқроқ эди ва бу кўлга кумулятив таъсир кўрсатди", дея хулоса қилди тадқиқотчи.

Қурғоқчилик туфайли кўл қирғоқлари чанг билан қопланган, қақраган текисликка айланган, минтақада чанг бўронлари ҳам тез-тез рўй беради. Маҳаллий мутахассисларнинг таъкидлашича, улар ичак ва нафас йўллари инфекциялари тарқалишига олиб келади. Афсуски, мамлакатнинг туризм соҳаси ҳам қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Чунки қуриган кўллар ва сув омборлари нафақат балиқчиларни, балки дам олувчиларни ҳам ўзига жалб қилмайди.

Г.Холдорова тайёрлади.