“Aptis for teachers” тест синовлари чет тили ўқитувчиларига нега керак?

Паст Дарғом туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабида тумандаги мактабларнинг чет тили фани ўқитувчилари учун “Чет тилини ўқитишда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш ва унинг самарадорлиги” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этилган тадбирда 2020 йил 2 мартда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Британия Кенгаши ўртасида имзоланган келишувга асосан чет тиллари ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун асос бўладиган “Aptis for teachers” тест синови ва унинг компонентлари ҳақида маълумот берилди.

- Семинар-тренинг умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, олис мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ўқувчиларни ОТМларга кириш кўрсаткичини кўпайтириш мақсадида ташкил этилди, - дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали директори, профессор О. Муртазоев. – Тадбирда чет тили ўқитувчиларининг билимларини ошириш мақсадида ўтказиладиган “Aptis for teachers” имтиҳони ҳақида тушунча берилди. Имтиҳон ҳар ойда бир маротаба Давлат тест маркази томонидан компьютер орқали топширилиб, талабгорларнинг сўз бойлиги, грамматик билимлари, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари синовдан ўтказилади. Тест натижалари 72 соат ичида www.dtm.uz сайтида, ўқитувчининг шахсий кабинетида эълон қилиниб, натижалари CEFR шкаласи бўйича “С” даражасига тўғри келади.

Семинар-тренингда ўқитувчилар фаол иштирок этиб, умумтаълим мактаблари билан ОТМлар ўртасида ҳамкорлик борасидаги ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Мустафо Османов.