АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Пекинда. У 2021 йилдан бери Хитойга ташриф буюрган АҚШнинг юқори мартабали амалдорига айланди
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен икки кунлик ташриф билан Пекинга келди, дея хабар бермоқда Associated Press.
Сафар давомида АҚШ Давлат департаменти раҳбари Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ганг ва эҳтимол, Хитой раҳбари Си Цзинпин билан учрашиши кутилмоқда.
Блинкен февраль ойида Хитойга ташриф буюриши керак эди, бироқ АҚШ ҳаво ҳудудида Хитой шари топилиб, уриб туширилгач, сафар кечиктирилди. Ўшанда Вашингтон Пекинни жосуслик фаолиятида гумон қилган эди.
Associated Press хабарига кўра, Блинкен 2021 йил январида лавозимга киришган Жо Байден президентлиги бошланганидан бери Хитойга ташриф буюрган энг юқори мартабали АҚШ расмийсига айланди. У, шунингдек, сўнгги беш йил ичида Хитойга ташриф буюрган биринчи АҚШ Давлат котибидир.
Энтони Блинкеннинг ташрифи АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзинпин ўртасидаги учрашувларга замин яратиши кутилмоқда. Бир кун олдин Байден яқин ойларда Си билан учрашишга умид қилаётганини айтган.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар савдодан тортиб минтақавий хавфсизликгача бўлган бир қанча жабҳаларда, жумладан Тайвань ва Россиянинг Украинага бостириб кириши бўйича келишмовчиликлар туфайли ёмонлашган.