АҚШ компанияси Ер шарининг ҳамма жойини сунъий йўлдошлар орқали интернет билан таъминламоқчи
АҚШ компанияси томонидан Ер шарини интернет билан таъминлашни мақсад қилган лойиҳа муваффақиятли бошланди. Сунъий йўлдошлар ортилган ракета ташувчи муваффақиятли учирилди.
АҚШнинг SpaceX компанияси матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, фазога 60 та сунъий йўлдошни олиб чиқиши лозим бўлган Falcon 9 ракета ташувчиси Флоридадаги космодромдан муваффақиятли учирилди.
Ушбу сунъий йўлдошлар Ер шарини ўраб олиб, интернет хизмати билан таъминлайдиган Starlink лойиҳасининг бир бўлаги сифатида фазога олиб чиқилди.
Хабарда ёзилишича, ракета ташувчи Флорида яриморолидаги Канаверал бурнидаги космодромдан жума куни маҳаллий вақт билан соат 02:30 да учирилган.
Ракета ташувчи фазога олиб чиққан ҳар бир сунъий йўлдошнинг оғирлиги 227 кг ни ташкил этади. Шунингдек, уни ишлатадиган қуёш батарейкаси ва антенна қурилмалари бўлган.
Сунъий йўлдошларни Ердан 550 км баландликда фазога қўйиб юбориш мўлжалланган. Уларнинг Ердан бунча баландликда қўйиб юборилишининг сабаби, улар кўпроқ ҳудудни қамраб олишлари учун шундай қилинди.
Компания раҳбари Илона Маскнинг сўзларига кўра, "Starlink миссияси учун фазога олиб чиқилган 18.5 тонна юк SpaceX учун энг оғир юк бўлган".
SpaceX компаниясининг мутахасислари илк марта аввал фойдаланилган ракета ташувчисидан қайта фойдаланишга муваффақ бўлдилар. Falcon 9 ракета ташувчиси ўтган йил апрель ойида ҳам фазога муваффақиятли кўтарилган эди. Мутахасислар бу ишни энди бошланаётган ишларнинг муваффақиятли дебочаси деб баҳоламоқдалар.