АҚШ президентидан ядро тугмачаси олиб қўйилди
Яқинда америкалик журналист-суриштирувчи Боб Вудварднинг «Peril» (Таваккал) китоби нашрдан чиқди. Унда у АҚШ президенти Жо Байден 2021 йил январда ҳарбийлар томонидан ядро ракеталарини учириш кодидан маҳрум қилинганини ёзади.
Муаллиф сўзларига қараганда, АҚШ Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг раиси Марк Милли Дональд Трамп президентлиги тугаётган пайтда унинг телбанамо ҳаракатларидан, яъни ядро зарбаси бериш қароридан хавфсираб алгоритм ўзгартирилганини тан олди. "Байден келганидан кейин ҳам вазият ўзгармади, - дейди Вудворд, - у ўзгалар қўлида қўғирчоқ, жаҳондаги энг кучли армияга қоғоздагина раҳбарлик қилади".
Ҳавонинг ифлосланишида Индонезия президенти айбдор
Жаҳон тарихида суд биринчи марта мамлакат президентини ҳавони ифлосланишида айбдор деб топди. Индонезия суди президент Жоко Видодо, мамлакат бир қатор вазирликлари ва Жакарта мэрини шаҳарда ҳавони ифлосланишига панжа орасидан қараганликда айблади. Суд уларни дарҳол ҳаво сифатини яхшилаш чораларини кўришга ҳукм қилди. Жакарта ва унинг атрофида 30 минг киши яшайди. Шаҳар ҳавоси шу даражада саноат, автомобиль газларидан ифлосланганки, шаҳарликлар умри беш ярим йилга қисқармоқда.
Президент Видодо эса яқинда пойтахтни хушманзара Бернеи оролига кўчиришга қарор қилди. Мамлакат раҳбарлари у ерда мусаффо денгиз ҳавосидан нафас олиб Жакартадаги аянчли ҳолатни унутишмоқда.
Танга пулдан воз кечишмоқчи
Россия депутатлари танга пулларни муомаладан чиқаришни таклиф қилдилар. Давлат танга пул чиқаришдан зарар кўрмоқда, аҳоли эса ундан унчалик фаол фойдаланаётгани йўқ. Фақатгина 2020 йилда муомалага 1,3 миллиард янги монет чиқарилган. Бунга "Росбанк" 3,8 млрд. рубль сарфлаган. Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 бошида муомалада 69,12 млрд. танга бўлган. Бу умумий суммада 113,2 млрд. рублни ташкил қилади.
Тоғаймурод Шомуродов («Мир новостей», 38-сон) тайёрлади.