АҚШда бюджет тақчиллиги 100 баробарга ошди
АҚШ федерал бюджети тақчиллигининг ўтган ойдаги кўрсаткичи ўтган бир йиллик кўрсаткичга яқинлашди. Бу ҳақда АҚШ Конгрессининг бюджет бошқармаси бўлими тақдим этган маълумотлар гувоҳлик бермоқда.
Маълумотга кўра, АҚШ бюджети тақчиллиги июнь ойида 863 миллиард АҚШ долларига етган. Бу эса ўтган йили шу вақтда қайд этилган кўрсаткичдан (8 миллиард доллар) юз баробар кўп.
Ҳужжатда келтирилишича, бюджет тақчиллигининг бу даражадаги юқори кўрсаткичи коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз сабабли юзага келган.
Коронавирус пандемияси бошланганидан буён иқтисодий ўсишни қўллаш мақсадида АҚШ ҳукумати 3 триллион доллар маблағ сарфлаган. Шу билан бирга, Оқ уй ходимлари аппарати раҳбари Марк Медоузнинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсишни таъминлаш учун яқин кунларда яна қўшимча пакетлар қабул қилинади.
АҚШ Конгрессининг бюджет бошқармаси 2020 йил сўнггига қадар йиллик бюджет тақчиллиги 4 триллион долларга етишини тахмин қилмоқда.